Қашқадарёда 33 ёшли эркак собиқ рафиқасининг бошини иситиш батареясига уриб ўлдирди
Қашқадарё вилояти Касби туманида собиқ турмуш ўртоғини унинг ижарадаги уйида ўлдирган 33 ёшли эркак қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Bugun.uz’га маълум қилди.
Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида аниқланишича, фуқаро Э.А. 2013 йилда Д.С. билан турмуш қуриб, у билан ўзаро келишаолмагани 2021 йил октябрь ойида ажрашган (никоҳ расман бекор қилинмаган).
Э.А. 16 ноябрь куни соат 11:00 ларда туман марказида жойлашган «Нур» кафесига кириб, у ерда бир шиша спиртли ичимлик истеъмол қилиб, Д.С.нинг ижарада яшаётган хонадонига борган ва аёлга эртага болаларини ота-онасини уйига олиб кетишини айтган.
Лекин Д.С. эркакка ота-онаси уни ёмон кўришини айтиб, фарзандларини олиб кетишига рози бўлмаган. Бундан жаҳли чиққан эр аёлни силтаб, ювиниш хонаси томонга қасддан куч билан итариб юборган — аёл бошининг орқа қисми билан деворга урилиб, йиқилган.
Д.С. бошидан қон келаётганини кўриб, қўшниларини ёрдамга чақирмоқчи бўлиб бақирганида, Э.А. жиноий ҳаракатларини охирига етказиш мақсадида аёлнинг бошини ювиниш хонаси эшиги бурчак қисмига зарб билан қасддан урган. Қўшнилар унинг овозини эшитмаслиги учун аёлнинг оғиз ва бурнини қўллари билан қаттиқ ёпган. Д.С. ҳолсизланиб қолгач, унинг бош орқа энса соҳаси билан ювиниш хонаси девори қисмида ўрнатилган иситиш батареясига қасддан зарб билан урган. Оқибатда аёл олган тан жароҳатлари оқибатида ҳодиса жойида вафот этган.
Шундан сўнг, эркак Д.С. вафот этганига ишонч ҳосил қилгач, жиноий қилмиши ошкор бўлмаслиги, жиноят изларини йўқотиш мақсадида эгнида бўлган жемфири билан қон изларини тозалаб ювган. Д.С. гўёки ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиб, вафот этган қилиб кўрсатиш ва ўзгаларни бунга ишонтириш мақсадида у ётган ювиниш хонасидаги қонларга тегмасдан, ўзида бўлган калит билан хонадон эшигини қулфлаб, чиқиб кетган.
Э.А. аёлнинг ўлимида ўзини алоқаси йўқдек ва бундан хабарсиз қилиб кўрсатиш мақсадида қайнакаси, қайнонаси, хонадон эгасига қўнғироқ қилиб, Д.С. қўнғироқларига жавоб бермаётгани, унга ижарада яшаб келаётган уйини савдолашиб олиб бермоқчилигини айтиб, улар билан хонадонга борган.
Ҳолат юзасидан 17 декабрь куни Касби тумани прокуратураси томонидан Жинояти кодексининг 97-модда (Қасддан одам ўлдириш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва эркак қўлга олинган.
Мавзуга доир: Андижонда эр 24 ёшли хотинини обдаста билан уриб ўлдирди
Аввалроқ Сурхондарёда 25 ёшли йигит ўйнашининг эрини пичоқлаб ўлдиргани, Сирдарёда эркак 37 ёшли хотинини ғишт билан уриб ўлдиргани, Тошкент вилоятида 28 ёшли аёл шаръий никоҳдаги эрини пичоқлагани тўғрисида хабар берилганди.