Қозоғистон Украинага ёрдам юборди — видео
Қозоғистон Украинадаги шифохоналар учун генераторларнинг биринчи партиясини топширди, дея хабар бермоқда Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси матбуот хизматига таяниб, KazTAG.
Украина тиббиёт муассасалари учун генераторларнинг биринчи партияси Қозоғистондан Украина ҳудудига етиб борди.
«Украина тиббиёт муассасалари учун генераторларнинг биринчи партияси Қозоғистондан етиб келди», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, маҳаллий тадбиркорлар томонидан харид қилинган 43 та генератор Қозоғистоннинг Украинадаги элчихонаси кўмагида топширилди. Ўз навбатида Украина ички ишлар вазири маслаҳатчиси Антон Герашченко қўллаб-қувватлагани учун Қозоғистонга миннатдорчилик билдирди ва мамлакат ёрдамнинг кейинги партиясини кутаётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Россиянинг геосиёсий режалари сабабли ҳарбий буджетини оширгани ҳамда Ўзбекистон Украинага 34 тоннали инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида хабар берилганди.