Тошкентдаги боғлардан бирининг ҳудудида нотурар бинолар қурилишига муносабат билдирилди
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтдаги боғлардан бирининг ҳудудида нотурар жой бинолари қурилиши айтилган хабарларга муносабат билдирди.
Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармасининг маълумотига кўра, Мирзо Улуғбек тумани, Зайтун, Олтинтепа ва Равон кўчалари оралиғида жойлашган яшил ҳудуд ўрнига офис ва бошқа биноларнинг қурилишига рухсат берилмаган ҳамда лойиҳа ҳужжатлари тасдиқланмаган.
Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги «Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-46-сон фармони билан давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган бўлиб, шаҳар ҳокимлиги томонидан кўрсатилган ҳудуддаги дарахтларнинг кесилишига йўл қўйилмайди.
Шунингдек, Ер кодексининг 36-моддасида қишлоқ хўжалиги соҳасига тааллуқли бўлмаган эҳтиёжлар учун берилган ер участкасидан икки йил давомида фойдаланилмаса, унга эгалик қилиш ҳуқуқи ёҳуд ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи бекор қилиниши белгиланган. Яъни видеолавҳада тилга олинган Тошкент шаҳар ҳокимининг 2019 йил 12 февралдаги қарорининг «ерни тадбиркорга ажратиш» қисми бир йил муқаддам ўз кучини йўқотган.
Қайд этилишича, юқорида кўрсатилган асосларга кўра, Мирзо Улуғбек тумани, Зайтун, Олтинтепа ва Равон кўчалари оралиғида жойлашган яшил ҳудуд жамоат боғи сифатида сақлаб қолинади ва унинг ўрнида қурилиш ишлари олиб борилмайди.
«Тошкент шаҳрининг яшил ҳудудларини сақлаб қолишда беэътибор бўлмаган фаол фуқароларимизга миннатдорчилик билдирамиз», дейилади муносабатда.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри Чилонзор туманида қурилиши бошланиш арафасида турган янги кўп қаватли уй-жой биноси бўйича қурувчи-тадбиркор ҳамда ички ишлар ходими ўртасидаги баҳсли ҳолат юзага келгани ҳақида хабар берилганди. Депутат Расул Кушербаев Теlegram’даги каналида мазкур ҳудудда қурилиш ишлари буткул тўхтатилганини маълум қилди.
