Намангандаги мактаб қозонхонасида яширин цех аниқланди
Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида сифатсиз ёғ маҳсулотларининг муомалага киритилишининг олди олинди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Тўрақўрғон туман бўлими томонидан ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида фуқаро М.Ё. «Мажнунтол» МФЙ ҳудудидаги мактабнинг қозонхона биносида яширин цех ташкил этиб, истеъмолга яроқсиз ёғ маҳсулоти ишлаб чиқараётгани аниқланган. Далилий ашё сифатида 450 литр пахта ёғи, 820 килограмм пахта чигити ва бошқа товар-моддий бойликлар олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-2-моддаси (Чигитдан олинадиган маҳсулотларни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Фарғонада салкам 47 миллион сўмлик қалбаки минерал ўғит ишлаб чиқарган цех аниқланганди. Шунингдек, Бухорода истеъмолга яроқсиз ёғ ишлаб чиқариш цехи ташкил этилгани аниқлангани, Жиззахда газга ноқонуний уланган оҳак цехи топилгани ва Самарқандда ноқонуний равишда ароқ ишлаб чиқарган цех аниқлангани хабар қилинган.