Ўзбекистон озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун 100 млн доллар олади
Германиянинг мева-сабзавотлар халқаро савдосига ихтисослашган Fruchtportal электрон журналида Ўзбекистон раҳбариятининг мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларига бағишланган мақола чоп этилди, деб хабар беради «Dunyo» агентлиги.
«ОПEК халқаро тараққиёт жамғармаси ва Халқаро ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) Ўзбекистонга асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш учун 100 миллион доллар маблағ ажратади. Мутахассисларнинг фикрига кўра, мазкур ташкилотларнинг ҳар бирининг ҳиссаси 50 миллион долларни ташкил этади», — деб ёзади немис электрон нашри.
Fruchtportal маълумотларига кўра, «Ўзбекистон дон, сабзавот ва шакар каби асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг соф импортчиси ҳисобланади. Мамлакатга етказиб бериладиган ушбу озиқ-овқат маҳсулотларининг деярли 40 фоизи Қора денгиз минтақасидан келтирилади. Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш масаласи глобал вазият, озиқ-овқат ва хом ашё нархларининг кўтарилиши шароитида жуда муҳимдир».
Экспертларнинг фикрича, мева-сабзавот сегментида картошка Ўзбекистоннинг энг йирик импорт позицияси бўлиб, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.
Таъкидланишича, тақдим этилаётган молиявий ёрдам Ўзбекистон озиқ-овқат бозорини зарур товарлар билан арзон нархларда барқарор таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, мақолада 2022 йил июнь ойида ОПEК жамғармаси 2022-2025 йилларга мўлжалланган 1 миллиард доллар миқдоридаги озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ҳаракатлар режасини эълон қилгани айтилади. Ҳужжатда асосий турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини молиялаштириш назарда тутилган бўлиб, шу орқали ҳамкор мамлакатларда ўрта ва узоқ муддатли истиқболда барқарор озиқ-овқат таъминотини яхшилашга ҳисса қўшиш мақсад қилинган.
Мавзуга доир: Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги жамғармалари қишда аҳолини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан таъминлайди
Аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинганди. Қарор билан қишлоқ хўжалиги корхоналарига ва маҳсулотларни қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи корхоналарга маблағлар ажратилади.