Ўзбекистоннинг уч вилоятида қарийб 2,5 млрд сўмлик имтиёзли кредитлар талон-торож қилингани аниқланди
Самарқанд, Фарғона ва Қашқадарёда ўйказилган терговга қадар текширувларда имтиёзли кредитларнинг ўзлаштирилиши ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Департаментнинг Фарғона вилояти Тошлоқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда «С.С.» хусусий корхонаси раҳбари О.З. ва бошқалар 2019 йил 29 июндаги кредит шартномасига асосан бахмал ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун ажратилган 1,8 млрд сўм кредит маблағини бошқа мақсадларда сарфлаб, талон-торож қилганлиги, шунингдек ҳудудий тижорат банки филиали масъул шахслари корхонанинг 1,7 млрд сўмга баҳоланиб, гаровга қўйилган ишлаб чиқариш биносини тақиқдан чиқариб юборганлиги аниқланган.
Ундан ташқари, Департаментнинг Самарқанд вилояти Паяриқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ҳудудий тижорат банкининг Челак филиали бошқарувчиси ўринбосари лавозимида ишлаган А.Х. ва унинг қариндоши Ғ.Ж. 2018-2022 йилларда 7 нафар фуқарога имтиёзли шартлар асосида ажратилган 166 млн сўм кредит маблағини ўзларининг таъсисчилигида ташкил этилган 4 та корхонага ўтказиш орқали талон-торож қилгани, шунингдек А.Х. «М.А.» МЧЖга паррандачилик йўналишида ажратилган 200 млн сўм имтиёзли кредитни «А.Ф.» МЧЖ ўтказиб, ўзлаштиргани аниқланган.
Худди шундай, Ғ.Ж. «С.А.» фермер хўжалигига картошка уруғи ва минерал ўғитлар сотиб олиш учун ажратилган 180 млн сўм имтиёзли кредит маблағини «А.Ф.» МЧЖга ўтказиб, талон-торож қилгани аниқланган.
Департаментнинг Қашқадарё вилояти Миришкор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, «А.С.» ва «Б.З.» МЧЖлар раҳбари Ҳ.С. ҳудудий тижорат банки филиали масъул шахслари билан ўзаро тил бириктириб МЧЖга иссиқхона қуриш учун ажратилган 220 млн сўм кредит маблағини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.
Ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилаётгани маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд ва Тошкент вилоятларида имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланганди. Шунингдек, Навоийда 156 млн сўм имтиёзли кредит маблағларини ўзлаштирган иш юритувчи аниқланган.