Қашқадарёда ишга олиш учун ҳамшира орқали 500 доллар олган шифокор ушланди
Қашқадарё вилояти Қарши туманида ишга жойлаштириб қўйиш учун пора олган тиббиёт бирлашмаси бошлиғи қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, фуқаро С.Қ.нинг ариза юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда Қарши туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи М.М. бирлашмада катта ҳамшира лавозимида ишловчи С.А. орқали фуқаро С.Қ.ни ишга қабул қилиш эвазига 500 долларни пора тариқасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (Пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари Қарши туман прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.
Аввалроқ Бухорода ҳамшираликка киритиб қўйиши учун фуқародан пул олган аёл ушлангани, Нукусда фуқароларни ишга жойлашини айтиб, 22 миллион сўм «ишламоқчи» бўлган аёл ушлангани маълум қилинганди. Шунингдек, Тошкентда «Миллий» стадионига қоровулликка ишга жойлаш эвазига фуқародан 1,5 минг доллар талаб қилганлар қўлга олинган эди.