Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери қанча маҳкум озод қилинди?
Bugun.uz авф этилган ва фуқароликка қабул қилинганлар ҳақида маълумот беради
Ўзбекистонда Мустақиллик эълон қилинганидан бошлаб озодликдан маҳрум қилинганларни президент фармони асосида авф этиш ёки судлар томонидан оқлаш Тизими йўлга қўйилган. Хусусан, президент фармонига мувофиқ 1991-2015 йилларда 359 нафар, 2016-2022 йилларда 5 967 нафар шахс афв этилган. Bugun.uz авф этилган ва фуқароликка қабул қилинганлар ҳақида маълумот беради.
Маълумотларга кўра, 2016 йилдан кейин авф этилганларнинг 1 910 нафарини тақиқланган ташкилотларда иштирок этганлар, 382 нафарини аёл, 162 нафарини 60 ёшдан ошган эркак ва 230 нафарини чет эл фуқароси ташкил этади.
Бундан ташқари, 1991-2016 йилларда президентнинг 43 та фармонига асосан 482 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинган. 2017-2022 йилларда эса президентнинг 106 та фармони билан 23 753 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс фуқаролигига қабул қилинган. Шунингдек, янги «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги қонун талабига мувофиқ, 2005 йилга қадар Ўзбекистонда доимий яшаган ва чет давлат фуқаролигини олмаган 51 694 нафар фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси сифатида тан олинган.
Статистикага кўра, 2007-2015 йилларда судлар томонидан 688 354 нафар шахсга нисбатан 498 730 та жиноят иши кўриб чиқилиб, 111 та шахс оқланлан. 2016-2022 йилларда 418 992 нафар шахсга нисбатан 322 531 та жиноят иши кўриб чиқилган ва шундан 4 770 нафар шахс оқланган.
Шунингдек, аҳолига қулайликлар яратиш бўйича:
Миграция ва транспорт воситаларини рўйхатга олиш бўлинмалари хизматларидан қўшимча пуллик тўловлар асосида фойдаланиш тартиби жорий этилмоқда. Бунда:
- идентификацияловчи ID-карта ёки хорижга чиқиш паспортини олиш учун электрон ариза юбориш ёки хизмат кўрсатувчи ходимни уйга чақириш;
- ходим фуқаронинг яшаш манзилига бориб, планшет орқали тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш;
- тайёр идентификацияловчи ID-карта ёки хорижга чиқиш биометрик паспортини фуқаронинг уйига почта орқали ёки бевосита етказиб бериш;
Кўрсатилган хизматлар учун қўшимча пуллик тўловлар миграция бўлинмаси ва фуқаронинг яшаш манзили оралиғидаги масофадан келиб чиқиб белгиланади.
- ижтимоий ҳимояга муҳтож ногиронлар, оғир беморлар, қарияларнинг яшаш манзилига борган ҳолда бепул хизмат кўрсатиш (бошқа фуқароларга кўрсатилган хизматлардан тушган маблағлар ҳисобидан);
- транспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматидан яшаш хонадонига борилган ҳолда фойдаланиш учун ходимни чақириш;
Ходим томонидан мобил ускуналар ёрдамида автомашина кўрикдан ўтказилади, тегишли жараёнлар жойнинг ўзида амалга оширилади.
Транспорт воситаси кўрикдан ўтказилганлиги ва ҳужжатлари ўрганилганлиги тўғрисида маълумот фуқарога электрон шаклда юборилади.
- автомашина рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ва давлат рақами белгисини фуқаронинг яшаш манзилига почта орқали ёки бевосита етказиб бериш назарда тутилган.
Кўрсатилган хизматлар учун қўшимча пуллик тўловлар рўйхатлаш бўлинмаси ва фуқаронинг яшаш манзили оралиғидаги масофадан ҳамда кўрсатилаётган хизматларнинг муддатларидан келиб чиқиб белгиланади.