Ўзбекистонда 2022 йилда қанча одам ис газидан вафот этгани маълум қилинди
Йил бошидан буён 90 дан ортиқ ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган
Ўзбекистонда 2022 йил бошидан буён 90 дан ортиқ ис газидан заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, 2022 йил давомида республикада ис гази билан 90 дан ортиқ заҳарланиш ҳолатлари аниқланган. Бунинг оқибатида 146 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган бўлса, яна 50 нафар шахс турли даражадаги тан-жароҳатлари олгани маълум қилинди.
«Ички ишлар вазирлиги кўмир, ўтин, нефть маҳсулотлари ва бошқа турдаги ёқилғидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига қатъий риоя қилишга чақиради. Ностандарт ёки сертификатланмаган иситгич ва печлардан фойдаланманг», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда 63 ёшли аёл ва унинг икки невараси ис газидан захарланиб вафот этгани, Фарғонада уч кунлик келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этгани, шунингдек, Бухорода бир оиланинг беш нафар аъзоси ис газидан вафот этгани ҳақида хабар берилганди.