Ўзбекистонга 2022 йилда 5 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди
Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов 24 декабрь куни Отельерлар ассоциациясининг бизнес нонуштасида сўзга чиқди.

Маълумотларга кўра, 2022 йил ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 113 570 ўринга эга 4879 та меҳмонхона мавжуд. Бундан:
- меҳмонхоналар — 939 та (55 471 ўрин);
- оилавий меҳмон уйлари — 3180 та (27 836 ўрин);
- ётоқхоналар — 556 та (18 761 ўрин);
- бошқалар — 204 та (11 502 ўрин).
Ўзбекистонга 2022 йилда хорижий давлатлардан 4 миллион 700 нафар сайёҳ ташриф буюрди. 2023 йилда хорижий сайёҳлар сонини 7 миллионга, маҳаллий сайёҳлар сонини эса 12 миллионга етказиш режалаштирилган.
Қайд этилишича, 2022 йил охирига қадар Hilton Worldwide, InterContinental Hotel Groups, Hyatt Hotels Corporation, Accor Hotel Group, Marriott International, Radisson Hotel Group, Reikartz Hotel Group, Azimut Hotels, Wyndham Hotel Group, Lotte Hotels&Resorts, ATEKA Hotels каби халқаро брендлар меҳмонхона хизматларини ташкил этади.
2022 йилда Reikartz компанияси Андижон, Бухоро, Қўқон, Самарқанд, Тошкент, Урганч ва Термиз шаҳарларида 9 та меҳмонхона очди ва Ўзбекистондаги энг йирик меҳмонхоналар тармоғига айланди. Шунингдек, Accor халқаро француз бренди ҳам 2022 йилда ўзини фаол кўрсатиб, Тошкентда Mercure меҳмонхонасини ишга туширди. Айни вақтда Бухоро ва Самарқанддаги меҳмонхоналар меҳмонларни қабул қилишга ҳозирлик кўрмоқда. 2025 йилда Хивада ушбу тармоқ меҳмонхонасини ишга тушириш режалаштирилган.
Шунингдек, 2022 йилда Самарқанд шаҳрида «Ипак йўли Самарқанд» кўп тармоқли сайёҳлик мажмуаси иш бошлади. 260 гектар майдонда жойлашган мажмуа дунёга машҳур меҳмонхоналарни ўз ичига олади.
Эслатиб ўтамиз, Trilliant мажмуаси таркибига кирувчи Intercontinental меҳмонхонаси қурилишнинг якуний босқичида ва 2023 йилда фойдаланишга топширилади. Қайд этиш жоизки, бу Ўзбекистонда LEED GOLD сертификатига эга биринчи лойиҳа бўлади.
Бу ишларнинг барчаси Ўзбекистонда меҳмонхона саноатининг барқарор ва узлуксиз ривожланишига қаратилган.