Қамчиқ довонида хандаққа тушиб кетган юк машинасига Cobalt келиб урилди — видео
«Водий-Тошкент» халқаро автомобиль йўлининг Қамчиқ довонидан ўтувчи қисмида MAN русумли юк машинаси ҳамда Cobalt иштирокида ЙТҲ содир бўлди, дея хабар қилди ФВВ ахборот хизмати.
Хабарда келтирилишича, МАN юк автомашина ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб хандаққа тушиб кетган. Натижада унинг ортидан келаётган Cobalt ҳайдовчиси ҳам бошқарувни йўқотиб юк машинасига келиб урилган.
Қайд этилишича, воқеа жойига зудлик билан ФВВ «Қамчиқ» Махсус қидирув, ёнғин-қутқарув бошқармасининг куч ва воситалари етиб келиб, ЙТҲ оқибатларини махсус техника ёрдамида бартараф этди. Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент вилоятида учта юк машинаси иштирокида ЙТҲ содир бўлгани, Андижонда 8 та машина иштирокида ЙТҲ содир этилгани ҳақида хабар қилинганди.