Тошкентда журналист ҳаётига суиқасд уюштирилди — видео
Ижтимоий тармоқларда журналист ва блогер Абдуқодир Мўминовнинг бир нечта шахслар унга ҳужум қилиб, тан-жароҳати етказгани ҳамда автомашинасининг ойналарини синдиргани ҳақида видеомурожаати тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, 23 декабрь куни тахминан соат 22:30 ларда Абдуқодир Мўминов «102» рақамига қўнғироқ қилиб, Яшнобод туманида номаълум шахслар уни уриб тан жароҳати етказиб, унга тегишли бўлган Samsung S21 Ultra русумли уяли алоқа воситасини олиб кетганлигини, шунингдек, унинг автомашинасига қаттиқ жисм билан уриб шикаст етказишганлигини маълум қилган.
«Мазкур хабар асосида воқеа жойига тергов-тезкор гуруҳи чиқиб, барча зарурий тергов-тезкор ҳаракатлари олиб борилган ва холислар иштирокида воқеа жойидан 5 дона қўл бармоқ изи ва 1 дона бейсбол битаси далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, Абдуқодир Мўминовдан бир дона флешкадаги видеоёзувлар текшириб қўриш учун процессуал тартибда олинган», — дейилади хабарда.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 164-моддаси («Босқинчилик») билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Қайд этилишича, Тошкет шаҳар ИИББ раҳбариятининг топшириға кўра, ушбу жиноятни фош этиш мақсадида малакали ходимлардан иборат тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан барча зарур тергов ва тезкор-қидирув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Блогер Олимжон Ҳайдаров 21 миллион сўм жаримага тортилгани, шунингдек, Тошкентда блогер ИИВ раҳбари истеъфосини талаб қилиб, пикет уюштиргани ҳақида хабар берилганди.