Наманганда банк ходимлари фуқароларнинг пластик картасидан 86 млн сўмдан ортиқ пулларни ўзлаштиргани аниқланди
Наманган вилоятида фуқароларнинг пластик картасидан 86 миллион сўмдан ортиқ пулларни ўзлаштирган банк ходимларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, уларнинг банк картасидан жами 86 миллион сўмдан ортиқ пуллари номаълум шахс томонидан ечиб олинганини билдириб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида пулларни ўзлаштирган шахслар Наманган вилояти Наманган шаҳрида яшовчи, 2000 йилда туғилган, банк ходими У.А. ва унинг иш ўрганувчиси (стажёр) О.А. биргаликда амалга оширгани аниқланган.
Жиноятчилар хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда мижозлар томонидан ишониб топширилган банк карталарини янгилаб бериш вақтида банк карталаридаги пулларни ўзлаштиргани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан уларга нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонада футболчи ҳамкасбларининг картасидан пул ўғирлагани, Қорақалпоғистонда 18 ёшли йигит ўзганинг картасидан 6,3 миллион сўм ечиб олгани, Қашқадарёда ўзганинг пластик картасидан пул ечиб олган талаба ушлангани ва Қорақалпоғистонда шифокор 76 ёшли ҳамкасбининг пластик картасидан пул ўғирлагани хабар берилганди. Шунингдек Россияда ўзбекистонлик йигит аёлнинг картасидан пул ўғирлагани ва Бухорода ўзгаларнинг пластик картасидан пулларни ечиб келган талаба фош этилгани маълум қилинганди.