Тошкентда йўловчилар билан қўпол муомалада бўлган электробус ҳайдовчиси ишдан олинди
Тошкентда электробус ҳайдовчиси йўловчилар билан қўпол муомалада бўлгани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. «Тошшаҳартрансхизмат» ахборот хизмати ушбу ҳолатга муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2022 йилнинг 23 декабрь куни электробусни бошқариб кетаётган ҳайдовчи йўловчилар билан қўпол муомалада бўлгани акс этган видео фуқаро томонидан суратга олиниб, ижтимоий тармоққа жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат»нинг ҳаракат хавфсизлигини назорат қилиш бўлими ходимлари томонидан тезкор суриштирув ишлари ўтказилганда мазкур ҳолат «1-Автобус саройи» филиали тасарруфидаги, сарой рақами 005, давлат рақами 01|719 ОJA бўлган, 81-сонли автобус йўналиши ҳайдовчиси Б.С. томонидан содир этилгани аниқланди.
Йўловчига нисбатан муомала маданиятига риоя қилмаганлиги ва ички тартиб қоидаларини бузганлиги учун ҳайдовчига «1-Автобус саройи» филиали раҳбарияти томонидан қатъий чора кўрилиб, ҳайдовчи Б.С. билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Шунингдек, барча ҳайдовчилар билан йўловчиларни хавфсиз ташиш ва уларни ўз манзиларига соғ-омон етказиб қўйиш энг олий мақсадимиз эканлиги, йўловчилар билан хушмуомалада бўлишлик, хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш юзасидан яна бир бор тушунтириш ишлари олиб борилиб, ҳайдовчилар устидан назорат кучайтирилди.
«Азиз йўловчилар! Юқоридаги каби ҳолатлар кузатилган тақдирда ‘Тошшаҳартрансхизмат’нинг 1062 ишонч рақамига ва info@tashbus.uz орқали мурожаат қилишингизни ҳамда автобус ҳайдовчиси ёки чиптачиси амалга ошираётган қоидабузарликни суратга олиб автобус рақамини бизга юборишингизни илтимос қиламиз», дейилади хабарда.
Мавзуга доир: Газ муаммоси ҳақида ёзган журналистга қўполлик қилган Учтепа ҳокимлиги матбуот котибига чора кўрилди
Аввалроқ Андижонда ИИБ ходими журналистга куч ишлатиб, телефонини олиб қўйгани хабар қилинганди. Шунингдек, Мактабгача таълим вазири журналистга интервью бермаган эди.