«Док-1 Макс»дан вафот этган болалар сони 18 нафарга етди
Самарқанддаги болалар шифохонасида «Док-1 МАКС» препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани юзасидан Болалар омбудсмани текширув ўтказди.
Қайд этилишича, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар.
Беморлар яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда уларда шамоллаш аломатлари бўлгани ва даволаш мақсадида «Док-1 МАКС» препарати қабул қилишганидан сўнг аҳволи оғирлашганини айтишган.
Шунингдек, хабарда келтирилишича, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган «Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомга (22.02.2019 йил рўйхат рақами 3138) кўра даволаш-профилактика муассасаларида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган, лекин вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда ушбу дори воситасидан болалар ўртасидаги ўлим ҳолатларининг аниқлангани, Ўзбекистонда «Док-1 Макс» дори воситаларини дорихоналардан қайтариб олиш бошлангани ҳамда Қирғизистонда «Док-1 Макс» дори воситаларининг савдоси тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.