Ўзбекистонда 2022 йил халқаро ва республика олимпиадаларида ғолиб бўлганларга 3,1 млрд сўмлик пул мукофотлари берилди
Ўзбекистонда 2022 йилда халқаро ва республика олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритган ўқувчилар 3 миллиард 120 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари билан тақдирланди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

- Қайд этилишича, 8 та минтақавий халқаро олимпиадада иштирок этиб, жами 27 та (2 та олтин, 11 та кумуш, 14 та бронза) медални қўлга киритган ғолиб ўқувчиларга жами 84 миллион сўм;
- 5 та нуфузли халқаро олимпиадада иштирок этиб, жами 6 та (4 та кумуш, 2 та бронза) медални қўлга киритган ғолиб ўқувчиларга умумий 480 миллион сўм;
- Биринчи ва иккинчи гуруҳ фанларидан асосий олимпиаданинг вилоят босқичи (25 000 га яқин мактаб ўқувчиси иштирок этган) ғолиб ўқувчиларига 2,4 миллиард сўм;
- 2022 йилнинг 1-11 июнь кунлари Самарқанд, Жиззах, Навоий ва Тошкент шаҳрида ташкил этилган ссосий олимпиаданинг республика босқичи (700 га яқин мактаб ўқувчилари иштирок этган) ғолиб ўқувчиларига 156 миллион сўм пул мукофотлари тўлаб берилган.
Шунингдек, Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган Тўхтамурод Жумаев номидаги Қоракўл математика олимпиадаси (биринчи босқичда 16 минг нафар мактаб ўқувчиси иштирок этган)нинг республика босқичи ғолиб ўқувчилари ҳам муносиб тақдирланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ўзбекистонлик 7 нафар ўқувчи халқаро кимё олимпиадасида ғолиб бўлганди. Шунингдек, Тошкентда халқаро фан олимпиадалари ғолибларига 122 млн сўмдан берилганди.