Путин МДҲ давлатлари орасида келишмовчилик борлигини тан олди
Россия президенти Владимир Путин МДҲнинг Санкт-Петербургдаги норасмий саммити очилишида Ҳамдўстлик мамлакатлари ҳамкорлигининг асосий йўналиши минтақада хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш эканини айтди. У бу соҳада чақириқ ва таҳдидлар кучайиб бораётгани, шунингдек, МДҲда келишмовчиликлар юзага келганини тан олди. Бу ҳақда «Коммерсанть» хабар берди.
Путиннинг таъкидлашича, муаммоли масалалар юзага келганда ҳам МДҲга аъзо давлатлар бир-бирига дўстлик ва воситачилик ёрдами кўрсатиб, уларни ўзлари биргаликда ҳал қилишга интилади.
«Афсуски, Ҳамдўстликка аъзо давлатлар ўртасида ҳам келишмовчиликлар пайдо бўлишини тан олишимиз керак. Лекин асосийси, биз ҳамкорлик қилишга тайёрмиз ва давом этамиз», — деди президент.
Унинг таъкидлашича, Евроосиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликка биринчи навбатда, ташқаридан таҳдидлар йил сайин ортиб бормоқда.
Шунингдек, Путин шу йўналишда Ҳамдўстлик мамлакатлари терроризм ва экстремизм, трансчегаравий жиноятлар, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳамкорлик қилишини таъкидлади. Унинг қўшимча қилишича, ўтаётган йилда МДҲ мамлакатлари миллий хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари ўртасида тезкор алоқалар давом эттирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Путин контрразведкани хориж махсус хизматлари вакиллари фаолиятини «қаттиқ бостиришга» чақиргани, Путин Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги газ иттифоқи ҳақида гапиргани ҳақида хабар берилганди.
