Термиз аэропорти 55 кунлик таъмирдан сўнг яна ишга туширилди
Термиз халқаро аэропорти 26 декабрь куни 55 кунлик танаффусдан сўнг биринчи рейсни қабул қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг Тошкент—Термиз йўналиши бўйича HY-65 рейси, бортида 146 нафар йўловчи билан соат 08:15 да Термиз аэропортига келиб қўнган.
Қайта қуриш доирасида узунлиги 3000 метр ва эни 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, юриш йўлаклари ва учта самолёт тўхташ жойи учун перронни ўз ичига олган, янги 4E тоифали аэродром мажмуаси қурилган. Шунингдек, аэродромга замонавий CAT-I ICAO ёритиш ускуналари тизими, метеорологик ва радионавигация қўниш тизимлари ўрнатилган. Янги аэродром мажмуасини қуриш лойиҳаси 550 миллиард сўмга баҳоланмоқда. Айни пайтда 377 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Лойиҳанинг якуний босқичи — учта самолёт турар жойи ва иккинчи юриш йўлаги 2023 йилнинг апрелигача якунланиши режалаштирилмоқда.
Термиздаги янги аэродромнинг учиш-қўниш йўлаги бетондан қурилган.
«Бу Сурхондарё вилоятининг иссиқ иқлими шароитида энг яхши ечим — бетондан ясалган учиш-қўниш йўлаги мустаҳкамроқ ва чидамлироқдир. Бугунги кунга қадар фақат Навоий ва Термиз аэропортларида бетондан учиш-қўниш йўлаги қурилган», дейилади хабарда.
Термиз аэропорти янги аэродром мажмуасини фойдаланишга топширишга тайёргарлик кўрилаётгани муносабати билан 1 ноябрь куни ёпилган ва парвозлар вақтинча республиканинг бошқа халқаро аэропортларига йўналтирилиб келинган эди. Аэропорт терминали ҳам реконструкция қилиниб, 2019 йилда фойдаланишга топширилган.
Аввалроқ Ўзбекистон ёрдамида Афғонистондаги аэропорт қайта тиклангани, Ўзбекистонда аэропортлар атрофида самолётларни суратга олиш майдончалари қурилиши, Тошкент аэропорти яқинидаги автотураргоҳлар Uzbekistan Airports балансига ўтказилгани тўғрисида хабар берилганди.
