Европада газ нархи июнь ойидан бери биринчи марта кескин пасайди
ICE биржаси котировкаларидан маълум бўлишича, савдолар очилишида TTF индекси бўйича январь ойидаги газ фючерсларининг нархи МВт/соат учун 80 еврони ёки минг куб метр учун тахминан 895 долларни ташкил қилган. Бу ҳақда «Коммерсанть» хабар қилди.
Қайд этилишича, Европада 13 июндан бери энергия ресурсининг минимал нархи – ўтган ҳафта бошидан буён бу кўрсаткич пасайиб бормоқда. Фючерслар нархи МВт/соат учун 81,2 еврога тушди. Бир ҳафта олдин, 20 декабрь куни энергия ресурсининг биржа нархи Уренгой—Помари—Ужгород магистраль газ қувуридаги портлаш фонида 1 МВт/соат учун 114,33 еврогача кўтарилди. Кейинчалик газ нархи ёз бошидаги даражага туша бошлади.
Шунингдек, 22 декабрь куни Европа Иттифоқи газ нархининг юқори чегарасини МВт/соат учун 180 евро миқдорида тасдиқлади. Чеклов 2023 йил 15 февралда кучга киради, Европа Кенгаши чегара ҳақидаги келишувни «Энергия таъминоти хавфсизлиги ва молиявий бозорлар барқарорлигини» таъминлаш билан изоҳлади.
Олдинроқ Ўзбекистонда газ қазиб олиш ҳажми камайгани, Дмитрий Медведев Европада газ нархи 5000 долларгача кўтарилишини тахмин қилгани ҳамда Россия Ўзбекистон ва Қозоғистонга газ етазиб беришни муҳокама қилаётгани маълум бўлгани ҳақида хабар берилганди.