Жанубий Корея ҳарбийлари Шимолий Корея дронларини уриб туширмагани учун узр сўради
Жанубий Корея бош штаб бошлиғи Кан Син Чхоль ҳарбийлар КХДР дронларини уриб тушира олмагани учун жамоатчилик олдида узр сўради. Бу ҳақда «Коммерсанть» хабар берди.

Кан Син Чхолнинг таъкидлашича, дронларнинг ҳажми кичик бўлгани учун уларни аниқлашнинг иложи бўлмаган. Шимолий Корея томонидан учирилган учувчисиз учар қурилмалар 26 декабрь куни Жанубий Корея ҳаво ҳудудини кесиб ўтган ва улардан бири ҳатто Сеулгача етиб борганди. Штаб бошлиғи қисмлардаги радар тизимлари ва қуролларнинг ишлашини текширишга ваъда берди. Шунингдек, вақти-вақти билан ҳаво нишонларига қарши курашиш учун қўшма қуролли машқлар ўтказиш ҳам режалаштирилмоқда.
«Афсуски, биз фуқароларнинг хавфсизлиги билан боғлиқ хавотирлар туфайли дронларни самарали равишда уриб тушира олмадик. Уларни оддий кўз билан ҳам кўриш мумкин эди», — деди Кан Син Чхоль.
Шимолий Корея томонидан учирилган бешта дрон 2017 йилдан бери биринчи марта Корея чегарасини кесиб ўтишга муваффақ бўлди. Жанубий Корея томонидан унга қарши учирилган КА-1 русумли енгил ҳужум самолёти эса ҳалокатга учраган. Учувчи катапульта қилишга муваффақ бўлгани учун тирик қолган. Учувчисиз қурилмалардан бири Сеул чеккасига қадар етиб борган. Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳарбийлар дронларни уриб тушира олмайди. Чунки бундай қурилмалар парвоз давомида йўналиши ва баландлигини ўзгартиради, шунингдек, тинч аҳоли яшайдиган жойлар томон учади.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея «кўринмас» дрон ишлаб чиқаётгани, у Шимолий Корея ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини зарарсизлантириши айтилганди. Аввалроқ Жанубий Корея Шимолий Корея билан денгиз чегарасида бир-бирига ўқ узганди. Шунингдек, Шимолий Корея Япония томон қитъалараро баллистик ракета учирган.