Путин МДҲ давлатлари раҳбарларига совға қилган узукларда рамзий маъно бормиди?
Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Владимир Путин томонидан Санкт-Петербургдаги МДҲ норасмий саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарларига берилган 9 узукнинг рамзий маъноси йўқлигини маълум қилди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Аввалроқ The Insider нашри Путин томонидан тақдим этилган 9 узук билан Жон Роналд Толкиеннинг «Узуклар ҳукмдори» асаридаги 9 та узук ўртасидаги ўхшашликка эътибор қаратганди. Нашрнинг ёзишича, асар марказидаги предмет бўлган узук Лорд Саурон томонидан одамларни ўз хизматкорига айлантириш мақсадида ишлатилади. Саурон 9 узукни 9 та ҳукмдорга бериш орқали уларни Назгул номи билан танилган арвоҳларга — ўзининг энг ҳалокатли хизматкорларига айлантиради.
Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков эса ушбу узуклар шунчаки Янги йил учун эсдалик совғаси эканини маълум қилган. Президент Путин узукни тақадими ёки йўқми, деган саволга эса салбий жавоб берган.
Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 26 декабрь куни Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин ташаббуси билан ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этгани тўғрисида хабар берилганди. Саммитда шунингдек, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян ҳам қатнашди.