Саудияда ўзбекистонлик зиёратчилар бўлган автомобиль ағдарилиб кетди
Саудия Арабистонида 50 нафар ўзбекистонлик зиёратчилар бўлган Mercedez-Benz’нинг ағдарилиб кетиши оқибатида 10 нафар йўловчи жароҳат олди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлигии хабар берди.
Қайд этилишича, 27 декабрь куни Саудия Арабистони вақти билан соат 09:15 да «Ал-Афаж» транспорт компаниясига тегишли Mercedez-Benz автобус ҳайдовчиси «Жидда-Мадина» 160-магистраль йўлида ухлаб қолиши оқибатида йўл транспорт ҳодисаси содир бўлди.
Автобусда 50 нафар Ўзбекистондан борган зиёратчиларнинг 10 нафари жароҳат олган. ЙТҲ оқибатида жароҳат олган фуқаролар Мадина шаҳри яқинидаги «Вади Ал-Фар» ва «Ал-Ҳимна» шифохоналарига олиб кетилган. Шунингдек, автобусда қолган 40 нафар зиёратчи Мадина шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилди.
Мазкур ҳолат Ўзбекистоннинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси томонидан назоратга олинган.
«Ушбу мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралари ҳамда тиббиёт муассасалари билан доимий алоқа ўрнатилган. Дипломатларимиз фуқароларимиз ҳолидан хабарбор бўлиб турибди», — дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Умра сафарлари борасидаги фирибгарликлардан огоҳлантиргани ҳамда Ўзбекистонда Ҳаж ва Умра зиёратлари нархи арзонлашиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.