Соғлиқни сақлаш вазири «Док-1 Макс»дан вафот этган болаларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдирди
Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев видеомурожаат орқали «Док-1 Макс» дори воситасини ичиш натижасида дунёдан кўз юмган 18 нафар боланинг ота-оналари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда ССВ хабар берди.
«‘Док-1 Макс’ дори воситасини меъёридан ортиқча истеъмоли натжасида бу дунёдан 18 нафар жажжи ва гўдак фарзандларимиз кўз юмди. Уларнинг ота-оналарига ССВ ва барча тиббиёт ходимлари номидан таъзия билдирамиз. Болаларнинг дори воситасидан вафот этгани ҳақидаги маълумотлар вилоят тиббиёт ходимлари томонидан вазирликдан яширилган. Ушбу маълумотга эга бўлишимиз билан ўша кунни ўзидаёқ жойига чиқиб ҳар бир ҳолат ўрганилди. Ҳозирги кунда дори воситасининг республикамизда рўйхатдан ўтказган, уни мамлакатимизга олиб келган ва сотувида иштирок этган бир қанча шахслар ҳибсга олинди.
Ушбу ҳолатга панжа орасидан қараган, ўз вазифасига лоқайдлик билан бефарқ бўлган, керакли чораларни ўз вақтида кўрмаган тиббиёт ходимларининг маъсул шахслари ўз вазифасидан озод этилди. Минг афсуски кўрилган чоралар болажаонларни ҳаётга қайтардмайди, албатта. Фарзанд доғидан куйган ота-оналарнинг дардини енгиллаштирмайди.
Ушбу ишга алоқадор фармацевтика ходими бўладими, шифокор бўладими ҳали ҳаммаси жавобгарликка тортилади. Яна бир бор ушбу вожеа ортидан фарзандларидан айрилган ота-оналар ва уларнинг яқинларидан узур сўраймиз», — Соғлиқни сақлаш вазири.
Аввалроқ ССВ «Док-1 Макс»дан вафот этган болалар иши бўйича маълумот бергани ҳақида хабар берилганди.