Байрам кунлари «свет» билан боғлиқ муаммолар кузатилмаслиги маълум қилинди
Байрам кунлари истеъмолчиларга ёқилғи-энергия ресурсларини узлуксиз етказиб берилиши учун зарур чоралар кўрилди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Энергетика вазирлигида тизимида янги йил байрами кунлари истеъмолчиларни энергия ресурслари билан барқарор таъминлаш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилади:
- Биринчи навбатда, нефть-газ ва кўмирни қазиб чиқариш, электр энергияси ҳамда нефть маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва етказиб бериш бўйича корхоналарда махсус штаблар ташкил этилди;
- Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялар ва марказлар барқарор ишлашини таъминлаш учун кунига ўртача 47-48 миллион куб метр табиий газ етказиб берилади. Шунингдек, станциялар учун 70 минг тонна мазут ва 230 минг тонна кўмир ёқилғиси захираси яратилди;
- Ҳудудлардаги барча кўмир омборларига кўмир маҳсулотини узлуксиз етказиб берилиши таъминланади;
- Байрам кунлари истеъмолчиларга кунига ўртача 155 миллион куб метр табиий газ, 2 минг тонна суюлтирилган газ, 5000 тонна автобензин, 5000 тонна кўмир ҳамда 235 млн кВт-соат электр энергияси етказиб берилиши таъминланади.
Хабарда келтирилишича, байрам кунлари, жумладан, янги йил байрамида электр энергиясига бўлган талаб сезиларли даражада пасаяди.
«Чунки таълим муассасалари ва бир қатор ишлаб чиқариш корхоналари ўз фаолиятини вақтинча тўхтади. Шу муносабат билан ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг асосий қисми аҳолига ва айрим ижтимоий соҳа объектларига йўналтирилади», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, тармоқларда носозлик ҳолатлари юзага келадиган бўлса, ҳудудлар бўйлаб электр ва газ таъминоти корхоналарида туну-кун ишлайдиган 1200 дан ортиқ махсусс бригадалар ташкил этилган бўлиб, улар муаммоларни тезкорлик билан бартараф этилишини таъминлайди.
Шунингдек, байрам кунларида аҳоли истеъмолчилар электр энергияси ва табиий газ бўйича юзага келган қарздорлик учун тармоқдан ажратилмайди.
Аввалроқ Ўзбекистонда Янги йил байрамида «свет»дан муаммо бўлмаслиги ҳақида хабар берилганди.