Ўзбекистон Сенати 2022 йил учун мўлжалланган давлат бюджетига ўзгартиришлар киритишни маъқуллади
«2022 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, қонун билан Консолидациялашган бюджети тақчиллигини қоплаш манбаларини кенгайтириш, шунингдек, 2022 йил учун давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг йил якунига қадар ўзлаштирилмай қоладиган айрим харажатларини мақбуллаштириш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, давлат мақсадли жамғармаларининг даромадлари прогнози ва харажатлари миқдорлари ҳамда 2022 йил учун республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдори – қўшимча харажатлар ва ўзлаштирилмай қоладиган айрим харажатларни мақбуллаштириш ҳисобига ўзгартирилмоқда.
Хусусан, қўшимча маблағлардан ижтимоий соҳага 8,7 триллион сўм, шундан таълим соҳасига 1,4 триллион сўм, соғлиқни сақлаш соҳасига 0,5 триллион сўм, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга 6,2 триллион сўм йўналтирилмоқда.
Шунингдек, маҳаллалардаги аҳоли кайфиятига салбий таъсир кўрсатаётган долзарб муаммолар ечими бўйича тадбирларни молиялаштиришга 3,7 триллион сўм қўшимча маблағ ажратилмоқда.
Қонунга асосан қўшимча харажатларни қоплаш манбалари билан таъминлаш зарурати юзага келганлиги сабабли, Консолидациялашган бюджети тақчиллигининг чекланган миқдори 4 фоиз қилиб белгиланмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Аввалроқ Ўзбекистонда 2023 йилда давлат бюджети харажатлари қанчани ташкил этиши маълум қилинганди. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев бу сафарги бюджет муҳокамаларида иштирок этмаганини, катта ҳажмдаги лойиҳани ўқишга етарлича вақт берилмаганини маълум қилган эди.