Ўзбекистонда шахсий автомобилда ҳам болалар ва ҳомиладор аёллар борлигида тамаки чекиш тақиқланади
Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги қонун муҳокама қилинди. Бу ҳақда парламент юқори палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, мазкур қонун билан тамаки маҳсулотларидан фойдаланиш тақиқланган жамоат жойлари рўйхати батафсил кўрсатилган ва сезиларли даражада кенгайтирилган.
Спиртли ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, шунингдек, тамаки ва никотинни истеъмол қилиш учун асбоблардан фойдаланиш тақиқланадиган жойлар рўйхати:
- савдо ва хизматлар кўрсатиш объектларида, шу жумладан, умумий овқатланиш корхоналарида, клубларда, дискотекаларда;
- кинотеатрларда, театрларда, циркларда, концерт, томоша ва кўргазма залларида ҳамда оммавий дам олиш учун мўлжалланган бошқа ёпиқ иншоотларда;
- компьютер хоналарида, интернетга уланиш хизматларини кўрсатиш учун жиҳозланган хоналарда ёки бошқа кўнгилочар жойларида;
- музейларда, ахборот-кутубхона муассасаларида ва аудиторияларда;
- маҳаллий ва шаҳарлараро поездларда, дарё кемаларида, автобусларда, метро вагонларида, таксиларда, шаҳар электр транспортида, ҳаво кемаларида, шунингдек, жамоат транспортининг бошқа турларида;
- транспорт воситаларида вояга етмаганлар ёки ҳомиладор аёллар борлигида (шу жумладан, фуқароларнинг шахсий транспорт воситаларида ҳам);
- ер ости ўтиш жойларида, метро станцияларида, транспорт тўхташ жойларида ва транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида;
- темир йўл вокзаллари, автовокзаллар, аэропортлар, дарё портлари, метро бекатлари биноларига кириш жойларидан 15 метрдан кам масофада жойлашган очиқ ҳавода;
- ёнғин хавфли жойларда, шу жумладан, ёнилғи қуйиш шохобчаларида;
- аэропортлар, темир йўл ва автомобиль станциялари, дарё портлари биноларида;
- давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, шунингдек, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар биноларида;
- соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларида, дорихоналарда, таълим ташкилотларида, маданият муассасаларида, спорт-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида, санаторий-курорт ва тиббий-ижтимоий муассасаларда;
- иш жойида, шу жумладан, коридорлар, лифтлар, зинапоялар, вестибюллар, ҳожатхоналар, дам олиш хоналари, қўшни бинолар ва иш вақтида ходим фойдаланадиган бошқа шунга ўхшаш жойларда;
- уй-жой хизматлари, меҳмонхона хизматлари, вақтинчалик яшаш ва (ёки) вақтинчалик яшаш учун хизматлар кўрсатиш учун мўлжалланган биноларда;
- кўп қаватли уйларнинг кириш жойлари ва лифтларида, шунингдек, болалар ва спорт майдончаларида, шу жумладан маҳаллий ҳудудда жойлашганларда;
- майдонларда, боғларда, пляжлар эгаллаган ҳудудлар чегараларида.
Алкоголь маҳсулотларини эса кўчада истеъмол қилиш бутунлай тақиқланган.
Маълумот учун, эндиликда қонундаги тамаки маҳсулотлари қаторига чекмайдиган маҳсулотлар (носвой, тамаки снюс, ҳидланадиган тамаки), таркибида никотин бўлган маҳсулотлар, электрон сигареталар ҳамда таркибида тамаки ва никотин бўлмаган, лекин тамаки ва никотин истеъмол қилувчи асбоблар билан фойдаланиш учун мўлжалланган маҳсулотлар ҳам киради.
Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун Сенатнинг йигирма еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан рад этилиб, Қонун бўйича юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Олий Мажлис палаталари томонидан келишув комиссияси тузилган эди.
Келишув комиссиясининг аъзолари томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар, таклиф ва эътирозлар эътиборга олиниб, Қонунчилик палатаси томонидан қонун тасдиқланган.

Шу боисдан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг йигирма бир ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилиш ва ушбу шахслар томонидан реализация қилиниши, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнига ушбу шахсларни жалб этиш тақиқланмоқда. Ушбу ёш чегараси амалдаги қонунга нисбатан узайтирилмоқда.
Шунингдек, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича фаолиятни амалга оширувчи органлар сафи кенгайтирилмоқда ва уларнинг соҳадаги ваколатлари аниқ белгиланмоқда.
Бундан ташқари, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, шунингдек тамаки ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламаларининг реализация қилинишига доир чекловлар ҳам киритилмоқда. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланган.
Мавзуга доир: Сигареталар контрабандасини тўхтатиш мумкинми?
Аввалроқ Бухорода қарийб 11 млрд сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилгани, Тошкент вилоятида тамаки ва алкоголь маҳсулотларининг ноқонуний сотилаётгани аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.