Сифатли олий таълим – тараққиёт гарови
Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга йўллаган навбатдаги мурожаатномасида асосий эътибор таълим ва тарбияга қаратилгани бежиз эмас. Дарҳақиқат айнан сифатли таълим барқарор ривожланиш ва тараққиётнинг муҳим омили ҳисобланади.
Мавзуга доир: Президент парламентга мурожаати давомида «таълим» сўзини энг кўп ишлатгани маълум бўлди
Мурожаатномада «таълим» сўзи энг кўп фойдаланилганлиги ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Биринчи навбатда, эътибор Ўзбекистон учун энг катта инвестиция бўлган таълимни қўллаб-қувватлашга қаратилиши таъкидланди. 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилингани мазкур соҳадаги ислоҳотлар давом этишини тақозо қилмоқда.
Умуман олганда, сўнгги йилларда таълим, хусусан олий таълим масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда. Ўзбекистонда олий таълим тизимини такомиллаштириш, таълимнинг ҳар бир босқичида етарли қамров даражасини таъминлаш, таълим ташкилотларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълимни давом эттиришга шарт-шароитларни яратиш юзасидан муайян ишлар амалга оширилди. Натижада олий таълим муассасаларининг сони 198 тага етди, илгари бўлмаган нодавлат олий таълим муассасалари сони ортиб бормоқда. Мазкур ислоҳотлар туфайли мамлакатда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 38 фоизга етказилди.
Билдирилган ташаббуслар доирасида олий таълим билан қамровни ошириш лозимлиги билдирилди. Шу мақсадда талабалар учун имтиёзли таълим кредитларига ресурслар 2 баробар кўпайтирилиб, 1,7 триллион сўм ажратилиши режалаштирилмоқда.
Олий таълим тизимини ривожлантиришга боғлиқ ташаббуслар шунингдек олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини оширишга қаратилмоқда. Авваллари давлат томонидан кўплаб ички масалалар (ўқув режалари ва дастурларини тасдиқлаш) ҳал қилиниши университетларнинг ўз-ўзининг ривожланишига, ўқув жараёни ва илмий тадқиқотларни такомиллаштиришга тўсқинлик қиларди.
Шунинг учун ОТМларга босқичма-босқич академик ва молиявий мустақиллик берилди. Бугунги кунда 41 та ОТМларга бундай эркинликка эга. Бу эркинлик ҳаётнинг ўзгарувчан воқеликларига тезда мослашиш, меҳнат бозори эҳтиёжларини ҳисобга олиш имконини беради. Университетлар таълим сифатини оширишдан манфаатдор бўлади, соғлом рақобат шароитида олий таълимни яхшилашга ёрдам берадиган ижодий ёндашувлар қўллаб-қувватланади.
Олий таълим тизимини такомиллаштириш рақобатбардош кадрларни тайёрлашга, турли ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг тараққиётига ҳамда инновацион ривожланишга имкон беради. Олий таълим муассасаларининг академик ва молиявий мустақиллигини таъминлаш олий таълим сифатини оширишга ва соғлом рақобат муҳитини яратишга имкон беради. Умуман олганда, таълим соҳаси жамиятда муҳокама қилинадиган энг долзарб масалалардан биридир. Бу соҳа, шубҳасиз, жамият ва давлат фаровонлигининг асоси ҳисобланади.
Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёев: «Таълим сифатини ошириш — Янги Ўзбекистон тараққиётининг яккаю ягона тўғри йўлидир»
Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори
Хўжаев Шоҳжаҳон Акмал ўғли
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда абитуриентлар энг кўп танлаган ОТМлар маълум қилинганди. Аввалроқ 2021 йил якунига кўра, олийгоҳлар миллий рейтингида 4 та йўналиш бўйича юқори ўриндаги ОТМлар рейтинги шакллантирилганди. Шунингдек, 2021 йилда Ўзбекистондаги хорижий ОТМлар сони очиқланган.