Хоразмда ўқитувчи ХТВ устамаси учун ўтказилган имтиҳонда 100 фоизлик натижа қайд этди
Хоразм вилояти Тупроққалъа туманидаги 8-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Севара Матниёзова халқ таълими вазири жамғармасининг устамаси учун ўтказилган биринчи босқич имтиҳонида юз фоизлик натижа қайд этди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Матниёзова 2017 йилда 1-тоифага, 2019 йилда эса навбатдан ташқари олий тоифага эга бўлган. Унинг шогирдлари ҳам Билимлар беллашуви, фан олимпиадалари ва турли кўрик танловларнинг республика босқичларида юқори ўринларни эгаллаб келади.

«Халқ таълими вазири жамғармаси лауреати бўлиш учун бир неча кун ёки ой тайёргарлик кўриб эришиб бўлмайди. 100 баллик натижага йиллар давомида ўз устимда ишлашим, билимларимни мунтазам равишда янгилаб боришим орқали эришдим. Бу муваффақиятга эришишимда ҳар йили 5-11-синф дарсликларни қайта-қайта ўқиб- ўрганишим асосий сабаб бўлди. Ўрганиш жараёнида янгиларига киритилган мавзуларни диққат билан ўзлаштирдим.
Биринчи босқич синовларида айнан ўрганганларим асосида жавоб бердим. Тўғри аввалига, номзодлар белгиланган даражадан паст кўрсаткич қайд этса, кейинги босқичга ўта олмайди, деган хавотир ҳам йўқ эмасди. Лекин синовларда юқори натижани қўлга киритаман деган ишонч мени ҳеч ҳам тарк этмади ва билимларим билан юксак натижага эришдим!», — дейди Халқ таълими аълочиси Севара Матниёзова.
Маълумот учун, халқ таълими вазири жамғармасининг устамаси учун талабгорлар имтиҳон натижаларини Давлат тест маркази расмий сайтининг «Ўқитувчилар» бўлими орқали 27-28-29 декабрь кунлари билиб олиши мумкин. Иккинчи босқич имтиҳонлари эса 2023 йилда ўтказилади.
Мавзуга доир: Андижонда ўқитувчи ХТВ устамаси учун ўтказилган имтиҳонда 100 фоизлик натижа қайд этди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда кимлар устама олиши мумкинлиги маълум қилинганди. Президент фармонига кўра, Ўзбекистонда айрим тоифа ўқитувчиларга қўшимча устама тўланиши ҳамда мамлакатдаги таълим даражаси паст бўлган мактабларда ишлаш учун бошқа ҳудуддан жалб қилинган олий ва биринчи тоифали ўқитувчиларга устама тўланиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда айрим рус тили ўқитувчиларига устама тўлаб берилиши айтилган.