13:59 | 29.12.22 63

Мактабларда матбаа маҳсулотлари устидан назорат кучайтирилади

Ҳукумат қарори билан таълим муассасаларида нашр вазни дарсликлар учун максимал 600 граммдан ошмаслиги белгиланди. Шунингдек, 1-4 синфлар учун адабиётларда рангли бўёқлар ва чизилган шрифтлар қўлланилмайди

Ҳукумат қарори билан Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги талабларини белгилашнинг умумий техник регламенти тасдиқланди.Бу ҳақда Telegram’даги «Huquqiy axborot» канали хабар берди.

Фото: Республика таълим маркази

Регламент билан қуйидагилар белгиланди:

  • мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим соҳасида фойдаланиладиган матбаа маҳсулотларининг хавфсизлигига қўйиладиган талаблар;
  • ёзув учун мўлжалланган матбаа маҳсулотларига кўйиладиган хавфсизлик талаблари;
  • ўқув нашрлари ва қўшимча таълим учун нашрлар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар;
  • ёзув учун матбаа маҳсулотлари, ўқув нашрлари ва қўшимча таълим нашрларини қадоқлашга доир талаблар;
  • матбаа маҳсулотини идентификациялаш, намуналарни танлаш ва назорат қилиш услублари.

Қайд этилишича, регламент фойдаланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг чалғишига олиб келувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Хусусан, умумий ўрта таълим ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим учун ўқув нашрларида тор ёзиладиган шрифтлар қўллаш мумкин эмас. Шунингдек, таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларида газета қоғози ва ялтироқ қоғоздан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, ёш тоифасига қараб нашрлар:

  • 1-4-синфлар;
  • 5-9-синфлар;
  • 10-11-синфларга мўлжалланади.

Шу билан бирга, нашр вазни дарсликлар учун:

  • 1-4-синфлар учун 300 граммдан;
  • 5-6-синфлар учун 400 граммдан;
  • 7-9-синфлар учун 500 граммдан;
  • 10-11-синфлар учун эса 600 граммдан ошмаслиги керак.

Шунингдек, хабарда келтирилишича, 1-4-синфлар учун адабиётларда рангли бўёқлар, шрифтни белгилаш, чизилган шрифтлар, кўп устунли териш қўлланилмайди.