Шавкат Мирзиёев 2023 йилда таълимга оид муҳим қарорлар чиқишини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев халқаро конгресс марказида мактаб таълимини ислоҳ қилишга бағишланган тадбирларда иштирок этмоқда. Айни вақтда Президент у ерда таълим соҳасидаги ислоҳотлар ҳақида мурожаат қилмоқда.

«Ўқитувчилар маошларини оширдик, лекин бу билан тўхтаб қолмаймиз. Имкониятимиз бўлиши билан яна кўпайтирамиз», — дейди Президент.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев янги ўқув дарсликлари тақдимотида қиз фарзандлар ва аёлларни ўқитиш кераклигини таъкидлади ҳамда 2023 йилда таълимга ва ўқитувчиларга оид муҳим қарорлар қабул қилинишини айтиб ўтди.
«Келгуси йили таълимга оид ҳам кўплаб қарор, фармонлар чиқади. Шунингдек, мактаб ўқитувчилари учун ипотека кредитларини камайтирсак бу ҳам яхши бўлади. Бугун мен кўп саволларга жавоб олдим. Aлбатта, 20-30-40 йил давомида эскича дарс берган ўқитувчига янги дарсликларга ўтиш бироз оғир. Лекин бугун бу нарсани қилмасак, эртага ўзимиз кутган натижани ололмаймиз», — дейди давлат раҳбари.
Бундан ташқари, Президент мактаб дарсликлари орасидаги айрим фанлар қисқартирилиб, уларнинг ўрнига янги фанлар қўшилиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига эътибор кучайтирилишини айтгани ҳақида хабар берилганди.