Афсонавий футболчи Пеле вафот этди
Афсонавий футболчи Эдсон Арандес до Насименто (Пеле) 82 ёшида оламдан ўтди.

Пеле Бразилия терма жамоаси билан 1958, 1962 ва 1970 йилларда уч бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган. 92 ўйинда 77 бор рақиблар дарвозасини ишғол қилган ҳолда мамлакати терма жамоаси сафида энг кўп гол киритган футболчи ҳисобланади. Клуб доирасида эса 659 та ўйинда 643 та тўп киритган. Футболчи 1999 йилда Халқаро Олимпия қўмитаси томонидан «Аср спортчиси» деб топилган.
Пеле 2021 йилдан бери йўғон ичак саратонидан даволанаётган эди. Маълумот учун, афсонавий футболчи 2022 йилнинг ноябрь ойи охирида танасидаги кучли шишлар туфайли касалхонага шошилинч тарзда ётқизилганди. Тиббий гуруҳ сўнгги икки ой давомида ўтказилган кимётерапия натижаларига кўра, Пеленинг танасидаги турли аъзоларида ўсмалар борлигини ҳам аниқлаган
Шифокорлар унга анасарка (шишнинг оғир ва умумий шакли), шиш синдроми ва декомпенсацияланган юрак етишмовчилиги ташхисини қўйган. Шунингдек, унинг овқатланишида ҳам муаммолар кузатилган.