Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари ишдан олинди
Президент Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарини ишдан олди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Унинг таъкидлашича, айни дақиқаларда ўтаётган йиғилишда давлат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасига тўхталиб, «Док-1 Макс» препаратини қабул қилиш оқибатида болалар ҳаётдан кўз юмгани билан боғлиқ вазиятни қаттиқ танқид қилди.
«Самарқанд ва Қашқадарёдаги болалар ўлими соҳада ишлар аҳволини, назорат йўқлигини кўрсатди. Бугун Фармацевтика агентлиги раҳбари Кариевни ишдан олдим. Бунга йўл қўйган мутасаддиларнинг ҳаммаси қонун олдида жавоб беради!» — деди Президент.
Аввалроқ Президент иштирокида йиғилиш бўлиб ўтаётгани, Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Док-1 Макс» нинг бошқа сироплари таркиби ўрганилаётгани сабабли фуқаролардан турли сироплардан фойдаланмасликни сўрагани ҳамда «Док-1 Макс»дан вафот этган болалар сони 18 нафарга етгани ҳақида хабар берилганди.