Иккита вазир лавозимидан озод этилди
Молия ҳамда олий ва ўрта махсус таълим вазирлари ўз лавозимларидан озод этилди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби хабар берди.
Қайд этилишича, Президентнинг тегишли фармони билан Тимур Ишметов Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси молия вазири лавозимидан озод этилди.
Шунингдек, Тошкулов Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимига тайинланди ва шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазири лавозимидан озод этилди.
Бундан ташқари, айни пайтда Шавкат Мирзийиев иштирокида йиғилиш ҳам ўтказилмоқда. Унда маъмурий ислоҳотлар доирасида янги тайинланган ва амалдаги Бош вазир ўринбосарлари ва вазирларнинг устувор вазифаларини белгилаш, Ҳукуматнинг ишлаш тизими ва услубини ўзгартириш, масъулияти ва жавобгарлигини тубдан ошириш масалалари, шунингдек, тармоқ ва соҳаларда ислоҳотларни амалга ошириш, мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, халқни рози қилиш ва одамлар турмуш сифатини юксалтириш бўйича 2023 йилги энг муҳим йўналишлар муҳокама қилинмоқда.
Аввалроқ Владимир Норов ташқи ишлар вазири лавозимидан озод этилгани ҳақида хабар берилганди.