Фарғонада Суриядаги террористик ташкилотни маблағ билан таъминламоқчи бўлган шахс ушланди
Фарғона вилояти Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Суриядаги террористик ташкилотни молиялаштирмоқчи бўлгани маълум бўлди. Бу ҳақда «УзА» хабар берди.
Маълум қилинишича, қўқонлик К.Ҳ 2019 йилда Москвага ишлаш учун бориб, тармоқлар орқали Суриядаги «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти аъзолари таъсирига тушиб қолиб, уларга ёрдам бериш учун молиявий жиҳод қилишга аҳд қилган.
Қўқонда яшовчи таниши С.З ни ҳам Суриядаги террорчиларга моддий ёрдам беришга ундаган. У Ўзбекистонда яшовчи шахсларни молиявий жиҳодга чорлаши ва улар берган пулларни Суриядаги террорчиларга юбориши керак бўлган. Топшириққа кўра, С.З Telegram орқали Суриянинг Идлиб шаҳрида яшовчи шахс билан боғланиб, унга 50 минг АҚШ доллари юборишни режалаштирган.
ДХХ томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эркак пулни юбормоқчи бўлган вақтда жиноят устида қўлга олинган. Уни бу ишга ундаган таниши эса хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинган. К.Ҳ 8 йил, С.З эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Аввалроқ Сурхондарёда 22 ёшли террористик ташкилот аъзосига ҳукм ўқилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, ДХХ Тошкент вилоятида «жиҳодчилар» террористик оқими аъзоларини ушлагани маълум қилинганди.
Мавзуга доир: