Ўзбекистон ва Германия ўртасида молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди
Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов ва Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси элчиси Тило Клиннер иштирокида икки томонлама ҳужжатлар имзоланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатлар қаторидан қуйидагилар ўрин олган:
- Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасида молиявий ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
- Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари ўртасида техникавий ҳамкорлик тўғрисидаги битим;
- Ўзбекистон Инвестициялар ва ташки савдо вазирлиги ҳамда Германия Иқтисодий ишлар ва иқлим бўйича федерал вазирлиги ўртасида ўзбекистонлик ишбилармон доира вакиллари (раҳбарлар) малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баён.
Келишувнинг амалга оширилиши Германия молиявий кўмагида икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш, касб-ҳунар таълими, молия сектори ва шаҳар хўжалигини ривожлантириш борасида йўлга қўйилган ҳамкорликни кенгайтиришга имкон беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок билан учрашганди. Туризм ва маданий мерос вазирлигида Германия компанияси раиси билан учрашув бўлиб ўтган. Шунингдек, Германия кўмагида Шаҳрисабз ва Қамаши туманларининг туристик салоҳияти ривожлантирилиши ҳақида хабар берилганди.