18:39 | 31.12.22 38

Сенат Ўзбекистон ва Туркия ўртасида маҳкумларни алмашиш тўғрисидаги битимни ратификация қилди

Ратификация қилинган битимга кўра, икки мамлакат фуқаролари учун суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ имконияти яратилади

Сенат Ўзбекистон ва Туркия ҳукуматлари ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Олий Мажлис Сенати

Сенатнинг ўттиз олтинчи ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Туркия Республикаси Ҳукумати ўртасида маҳкумларни топшириш тўғрисидаги битимни (Тошкент, 2022 йил 29 март) ратификация қилиш ҳақида»ги қонуни кўриб чиқилди.

Мазкур халқаро битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонун Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига суд томонидан тайинланган жазони ўз мамлакатида ўташ учун ҳуқуқий асос ва имконият яратади.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга кўра, маҳкумлар қонунда белгиланган тартиб-таомилларга мувофиқ келишаётган томонларнинг мурожаатлари асосида берилади.

Муҳокама чоғида сенаторлар маҳкумларнинг жазони ўз юртида ва жамиятида ўташи уларга яқинлари билан мунтазам кўришиб туриш имконини беришини, бу эса оилавий муносабатларга ижобий таъсир кўрсатишини, шунингдек, маҳкумларнинг жамият ижтимоий ҳаётига мослашишига ёрдам беришини таъкидлаган.

Маълумот учун, битим 2022 йил 30 март куни Туркия президентининг Ўзбекистонга расмий ташрифи доирасида имзоланган эди.

Муҳокама якуни бўйича сенаторлар битимни ратификация қилиш ҳақидаги қонунни маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенатда Измир шартномаси ратификация қилинганди. Шунингдек, Туркия билан ҳарбий шартнома ҳам ратификация қилинган.