Ўзбекистонда энг арзон ва энг қиммат палов қаерда сотилаётгани маълум бўлди
Давлат статистика қўмитаси декабрь ойида вилоят марказий ҳудудлари кесимида тайёр паловнинг ўртача нархи тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Маълум бўлишича, ҳудудлардаги умумий овқатланиш муассасаларида кузатув ўтказилган. Унга кўра, Наманган бир порция паловнинг ўртача нархи энг арзон сотиладиган вилоят деб топилган — 15 286 сўм. Энг қиммат палов эса Тошкент шаҳрида — 26 250 сўм. Қуйида вилоятлардаги бир порция паловнинг нархлари очиқланган:
- Қорақалпоғистон Республикаси — 18 333 сўм;
- Андижон вилояти — 20 800 сўм;
- Бухоро вилояти — 21 333 сўм;
- Жиззах вилояти — 22 333 сўм;
- Қашқадарё вилояти — 20 250 сўм;
- Навоий вилояти — 19 500 сўм;
- Наманган вилояти — 15 286 сўм;
- Самарқанд вилояти — 24 667 сўм;
- Сурхондарё вилояти — 20 000 сўм;
- Сирдарё вилояти — 21 000 сўм;
- Тошкент вилояти — 21 500сўм;
- Фарғона вилояти — 18 250 сўм;
- Хоразм вилояти — 21 400 сўм;
- Тошкент шаҳри — 26 250 сўм.
Нархларни рўйхатга олувчи томонидан кузатув ўтказилган кун ва вақтдаги нарх-наво қайд этилиб, бунда вақт ва жойига қараб нархлар ўзгариб туради.
Таъкидланишича, мазкур маълумотларнинг шаклланиши жараёнида фақатгина танлаб олинган умумий овқатланиш муассасаларидаги паловнинг ўртача нархлари ҳисобга олинган бўлиб, ресторан ва чойхоналардаги нархлар инобатга олинмаган.
«Палов нархларини рўйхатга олиш учун умумий овқатланиш муассасалари танлови ҳар йили январь ойида янгиланади. Нархлар ўзгаришини объектив баҳолаш мақсадида янги кузатилган объектнинг ўтган давр учун нарх даражаси ҳам қайд этилади», дейилади қўмита хабарида.
Аввалроқ Ўзбекистон деҳқон бозорларидаги озиқ-овқат маҳсулотларининг ўртача нархи маълум қилингани, «Чорсу» ва «Қўйлиқ» бозорларидаги айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг нархи эълон қилингани, Тошкентдаги кафелардан бири мижозларга сарқит овқатларни бераётгани тўғрисида хабар берилганди.