Ўзбекистонда янги йилнинг илк кунида қанча чақалоқ тўғилгани маълум қилинди
Ўзбекистонда 2023 йил 1 январь соат 17:00 ҳолатига кўра, жами 1312 нафар чақалоқ дунёга келди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, уларнинг687 нафарини ўғил, 625 нафарини эса қиз бола ташкил этади.
Энг кўп туғилиш Фарғона вилоятида (172 нафар) қайд этилди. Шунингдек, ҳудудлар кесимида кейинги ўринларни:
- Қашқадарё вилояти (169 нафар);
- Наманган вилояти (137 нафар);
- Сурхондарё вилояти (133 нафар);
- Самарқанд вилояти (121 нафар) банд этди.
Энг кам туғилиш эса Сирдарё вилояти (35 нафар) ҳиссасига тўғри келди. Туғилганларнинг 7 нафари эгизакдир.
«Айни пайтда шифокорларимиз гўдакларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқда.
Эслатиб ўтамиз, юртимизда давом этаётган дам олиш кунларида қатор тиббиёт муассасалари билан бирга, 227 та туғуруқ комплексида ҳам тиббиёт ходимлари, акушер-гинеколог, неонатолог, доя ҳамда ҳамширалар навбатчилик асосида аҳолига хизмат кўрсатмоқда», дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон аҳолиси 36 млн кишидан ошгани, Ўзбекистон туғилиш бўйича МДҲда биринчи ўринни эгаллагани, Ўзбекистонда ноябрь ойида туғилишлар сони ошгани ҳамда мамлакатда 11 ойда энг кўп туғилиш қайси ҳудудда қайд этилгани ҳақида хабар берилганди.