Толибон Ўзбекистон билан 2023 йил учун электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолади
Ўзбекистон Афғонистон билан электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда «Sputnik Афғонистон» хабар қилди.
Қайд этилишича, Афғонистон муваққат ҳукуматининг Сув ва энергетика вазирлиги раҳбари вазифасини бажарувчи Абдулатиф Мансур бошчилигидаги делегация Ўзбекистон ҳукумати билан электр энергияси етказиб бериш бўйича музокаралар олиб бориш учун Тошкентга етиб келган. «Ўзбекистон Миллий электр тармоқлари» АЖ ва Афғонистоннинг DABS энергетика компанияси электр энергияси етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган.
Шунингдек, Толибон Ўзбекистонга 35 миллион доллар миқдоридаги қарзини ҳам қайтарган. Охирги пайтлар Афғонистонда электр энергияси Ўзбекистон электр тармоғидаги техник носозликлар туфайли камайган эди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Толибон мамлакатда электр энергиясидаги узилишларда Ўзбекистонни айблагани ҳамда Ўзбекистон Толибон айбловларини рад этгани ҳақида хабар берилганди.