«Ан-Наср» Роналдунинг собиқ жамоадошини ҳам ўз сафига қўшиб олмоқчи
Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби Криштиану Роналду билан 2,5 йиллик шартнома измолаган эди. Клуб эндиликда Серхио Рамосни ҳам ўз таркибига қўшиб олмоқчи. Бу ҳақда Marca хабар берди.

Қайд этилишича, Роналду трансферидан сўнг Саудия клубининг янги мақсади 36 ёшли «ПСЖ» ҳимоячиси бўлиб турибди. «Ан-Наср» ўтмишда Европа футболида юлдуз бўлган ва ҳозирда ўз фаолиятини якунлашга яқин турган футболчилар билан шартнома имзолашни мақсад қилган.
Саудияликлар футболчини ёзги трансферлар ойнасида «рад этиб бўлмайдиган» сумма эвазига жамоага олиб келишни режалаштирмоқда. Жамоа раҳбарияти Рамос трансферига Саудия Арабистонида футболни ривожлантириш учун қаратилган стратегик юриш сифатида қараяпти.
Испаниялик футболчининг «ПСЖ» билан амалдаги шартномаси 2023 йилнинг ёзида тугайди. Рамоснинг ўзи шартнома якунига етгач, футболчилик фаолиятини тугатишни хоҳламаяпти.
Маълумот учун, ушбу мавсумда ҳимоячи жамоа сафида 22 та ўйинда қатнашиб, рақиблари дарвозасини бир бор ишғол қилган бўлса, яна бир голга ҳаммуаллифлик қилган.