Бухородан Тошкентга келаётган «Афросиёб» поезди нима сабабдан тўхтаб қолгани маълум бўлди
Хабар боши: Бухородан Тошкентга келаётган «Афросиёб» поезди тўхтаб қолди
Бухоро—Тошкент йўналишидаги «Афросиёб» тезюрар поезди носозлик сабаб Чинозда тўхтаб қолгани ҳақида хабар берилганди. «Ўзбекистон темир йўллари» мазкур ҳолатга нима сабаб бўлганини маълум қилди.
Қайд этилишича, тезюрар поeзд электр кучланишли сим тармоғидаги носозлик сабабли Янги Чиноз—Чиноз перегон оралиғида тўхтаб қолган эди. Сим тармоғидаги узилишининг асосий сабаби эса қисқа туташишга олиб келган бегона жисм, яъни – «Осмон фонарлари» деб номланган ва одамлар томонидан байрам кунларда осмонга учириладиган восита эканлиги аниқланди. Темир йўл яқинида унинг учирилиши вақтида ушбу жисм электровознинг пантографига урилиб, қисқа туташувга сабаб бўлди ва контакт симининг қизишига олиб келди. Бунинг оқибатида электровоз электр таъминотидан узилиб қолди.
Шунингдек, «Ўзбекистон темир йўллари» йўловчилар ва юкларни ташишда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек, ҳуқуқ-тартиботни сақлаш мақсадида темир йўл ҳудудларида ҳамда поездлар яқинида бундай буюмлардан фойдаланмасликни сўраган.
Аввалроқ Самарқандда «Афросиёб» поезди 18 бош қўйни уриб кетгани, Тошкент—Самарқанд йўналиши бўйича қўшимча «Афросиёб» поездлари қатнови йўлга қўйилиши, «Афросиёб» поездининг бир қатор қатновлари вақтинча тўхтатилгани тўғрисида хабар берилганди.