Тошкентдан Олмаотага учган самолёт уюрмага тушиб қолди
Олмаотадан Тошкентга учган Air Astana авиакомпаниясининг КC 128 рейсида кучли турбулентлик ҳолати юз берди. БУ ҳақда компания расмий саҳифасида хабар берилди.
Қайд этилишича, самолёт маҳаллий вақт билан 16:35 да жўнаб кетган. Парвоз вақтида учоқ кучли турбулентлик зонасига тушиб қолган. Дастлабки маълумотларга кўра, 7 нафар йўловчи турли даражада тан жароҳатлари олган.
Самолёт маҳаллий вақт билан соат 16:45 да Олмаотага қўнган. Парвоз экипажи йўловчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатган. Аэропортда йўловчилар учун тез ёрдам машиналари жалб қилинган.
Авиакомпания содир бўлган воқеадан афсусдалигини ва парвоз йўловчиларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатилишини маълум қилган. Ҳодиса юзасидан ваколатли органлар томонидан тергов ўтказилади.
Аввалроқ Москва—Бухоро йўналишида учган самолёт Навоийга фавқулодда қўнганди. Эслатиб ўтамиз, Тошкентдан Дубайга учган самолёт ортга қайтишга мажбур бўлгани, Кувайтдан учган самолёт Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига қўнгани тўғрисида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентдан Истанбулга 25 май куни учган самолёт бошқа аэропортга қўнишга мажбур бўлгани хабар берилганди.
