АҚШ элчихонаси Мексика орқали мамлакатга келаётган ўзбекистонликларни огоҳлантирди
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси Мексика орқали Америкага ноқонуний кирмоқчи бўлган фуқароларни огоҳлантирди.
Қайд этилишича, консуллик бўлими Мексика—АҚШ чегараси орқали Қўшма Штатлар ҳудудига кириш билан боғлиқ саволларни қабул қилмоқда.
«АҚШ элчихонаси ноқонуний йўл билан АҚШ ҳудудига киришга уринаётган шахслар ўз ҳаётларини жиноятчилик, одам савдоси ҳамда молиявий фирибгарлик қурбонига айланиш хавфи остига қўйишлари ҳақида огоҳлантиради. Ноқонуний йўл орқали АҚШга келиш ҳеч қачон хавфсиз бўлмаган. Мигрантларни АҚШга хавф-хатарлар остида ноқонуний тарзда миграция қилишдан кўра, ҳудудга киришнинг қонуний йўлларини излаб топишларига чорлаб қоламиз», дейилади элчихона хабарида.
Аввалроқ Самарқандда Америкага Мексика орқали юборишни ваъда қилган йигит ушлангани, ДХХ Самарқандда фуқароларни Америкага ноқонуний юбормоқчи бўлган эркакни ушлагани, ДХХ фуқарони 40 минг долларга АҚШга юбормоқчи бўлган эркакни қўлга олгани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг декабрь бошларида Мексикада жиноятчилар томонидан ўғирланган 7 нафар ўзбекистонлик қутқарилгани тўғрисида хабар берилганди. Ўзбекистонликларнинг сўзларига кўра, улар автобусда Қуйи Калифорнияга кетаётган бўлган. Гомес-Паласио шаҳрида тўхташган вақтида уларга ҳужум қилишган.
Жиноятчилар Ўзбекистон фуқароларининг йўлни давом эттириши учун 1,2 минг доллар талаб қилган. Жабрланувчилар ёнида пул бўлмагани боис, уларни хусусий уйлардан бирига олиб келиб, муҳожирлар орқали бошқа усулда пул ишлашни режа қилишган. Дипломатик миссия кейинроқ барча ўзбекистонликлар қўйиб юборилгани ва Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилганини маълум қилганди.