Ўзбекистонда 1 январдан айрим давлат боғчаларида тўловлар миқдори камайтирилди
Шавкат Мирзиёев «Республика ҳудудларини тоифаларга ажратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг табақалаштирилган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.
Ҳужжатга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистондаги 208 та туман ва шаҳар иқтисодий аҳволидан келиб чиқиб, 5 та тоифага ажратилган. Тоифага қараб бу туманларга солиқ имтиёзлари, субсидия ажратиш тартиби ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланади.
Хусусан, 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар давлат боғчаларида бола таъминоти учун тўловлар туманларнинг тоифасидан келиб чиқиб, қуйидагича камайтирилади:
- 5-тоифадаги туманларда — 50 фоиз;
- 4-тоифадаги туманларда — 50 фоиз;
- 3-тоифадаги туманларда — 30 фоиз.
Маълумот учун, республика бўйича 19 та туман эса 5-тоифага, 39 туман 4-тоифага ҳамда 75 та туман эса 3-тоифага киритилган.
Мавзуга доир: «Ўзбекистон боғчаларида тарбияланаётган болалар сони 2 миллионга етди» — Шавкат Мирзиёев
Аввалроқ Ўзбекистонда 2025 йилдан 6 ёшли болалар мажбурий мактабгача таълимга қамраб олиниши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистонда болалар боғчага бериш учун рўйхатга қўйилганда навбати келганини ДХАларга бормасдан ҳам билиш мумкинлиги маълум қилинганди. Finance Inquirer маълумотларига кўра, Ўзбекистон болаларни мактабгача таълим муассасаларига қамраб олиш бўйича энг яхши динамикага эга мамлакат деб тан олинган.
