Ўзбекистонда бошланғич синф дарсликлари вазни қанчани ташкил этиши белгиланди
Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотлари хавфсизлиги талабларини белгилашнинг умумий техник регламенти тасдиқланди. Бу ҳақда Telegram’даги «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.
Регламент билан қуйидагилар белгиланди:
- мактабгача, умумий ўрта ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим соҳасида фойдаланиладиган матбаа маҳсулотларининг хавфсизлигига қўйиладиган талаблар;
- ёзув учун мўлжалланган матбаа маҳсулотларига кўйиладиган хавфсизлик талаблари;
- ўқув нашрлари ва қўшимча таълим учун нашрлар хавфсизлигига қўйиладиган талаблар;
- ёзув учун матбаа маҳсулотлари, ўқув нашрлари ва қўшимча таълим нашрларини қадоқлашга доир талаблар;
- матбаа маҳсулотини идентификациялаш, намуналарни танлаш ва назорат қилиш услублари.
Регламент фойдаланувчиларнинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш, шунингдек, истеъмолчиларнинг чалғишига олиб келувчи ҳаракатларнинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқилган.
Жумладан, умумий ўрта таълим ва ўрта махсус ҳамда профессионал таълим учун ўқув нашрларида тор ёзиладиган шрифтлар қўллаш мумкин эмас.
Шунингдек, таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларида газета қоғози ва ялтироқ қоғоздан фойдаланишга йўл қўйилмайди.
Ёш тоифасига қараб нашрлар:
- 1-4-синфлар;
- 5-9-синфлар;
- 10-11-синфларга мўлжалланади.
Нашр вазни дарсликлар учун:
- 1-4-синфлар учун 300 граммдан;
- 5-6-синфлар учун 400 граммдан;
- 7-9-синфлар учун 500 граммдан;
- 10-11-синфлар учун эса 600 граммдан ошмаслиги керак.
Шу билан бирга, 1-4-синфлар учун адабиётларда рангли бўёқлар, шрифтни белгилаш, чизилган шрифтлар, кўп устунли териш қўлланилмайди. Регламент расман эълон қилинган кундан эътиборан 6 ой ўтгач амалга киритилади.
Аввалроқ Мактабларда матбаа маҳсулотлари устидан назорат кучайтирилиши, Сардор Умурзоқов ўзлаштирилган мактаб ерларини ўрганиб чиқишга топшириқ берганди. Шунингдек, Қорақалпоғистонда ўқувчиларга бепул тушлик бериш билан боғлиқ муаммолар бўйича текширув ўтказилиши ҳақида хабар қилинганди