Ангрендаги ИЭСлар бўйича ишончли бошқарув бекор қилингани маълум бўлди
Ангрен шаҳар ҳокимлиги шаҳардаги кўп қаватли уйларга узатиладиган иссиқлик энергияси билан боғлиқ танқидий хабарларга муносабат билдирди.
Қайд этилишича, Ангрен шаҳрида 24 декабрь куни «Ангрен ИЭС» АЖ 10-энергоблокида жиддий авария юзага келиши оқибатида 28 декабрь кунига қадар иссиқлик тармоғига уланган кўп қаватли уйлар вақтинчалик иссиқлик тизимидан узилган. Шу куннинг ўзида шаҳар ҳокими, шаҳар прокурори вазиятни жойига чиқиб ўрганган. Аварияни бартараф этиш чоралари кўрилиб, барча куч ва имкониятлар носозликни таъмирлаш ишларига сафарбар этилган, ҳокимлик ва прокуратура томонидан вужудга келган авариявий жараён тўлиқ назоратга олинган.
Шунингдек, 29 декабрь куни Халқ депутатлари Ангрен шаҳар кенгашининг навбатдаги 55-сессиясида корхона масъули депутатларга мазкур муаммо бартараф этилгани, юзага келган носозликнинг сабаб ва омиллари тўғрисида ахборот берган.
«‘Ангрен ИЭСʼ АЖ томонидан 28 декабрь куни авария тўлиқ бартараф этилди ва иссиқлик тизими тикланиб, иссиқлик энергияси босқичма-босқич белгиланган меъёрда тўлиқ узатилмоқда. Марказлашган иссиқлик манбаидан иссиқлик энергияси узатиш кўрсаткичлари, жумладан, узатувчи ва қайтувчининг босими ва сарфи ҳамда ҳарорати белгиланган меъёрга мувофиқ. Корхонада мавжуд 21 та насос станцияси ва СТПлар ҳолати яроқли. 2/2-сонли насос станциясида электр юритгич подшипник синиши аниқланган ва зудлик билан таъмирланиб, муаммо бартараф этилган», дейилади муносабатда.
Бундан ташқари, ҳокимлик «Ангрен ИЭС» АЖ 2023 йилнинг январь ойидан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан ташқи бошқарувидан чиқарилганини билдирган.
«Kun.uz»нинг Ангрен шаҳар прокурори Улуғбек Хабилжоновга таяниб ёзишича, куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш учун ўз вақтида маблағ ажратилмагани ишончли бошқарувнинг бекор қилинишига сабаб бўлган.
«Қозоғистонликларга тегишли компания бу ИЭСларга умуман қарамай қўйди. Икки марта носозлик кузатилди. Куз-қишга тайёргарлик кўриш учун 30 миллиард сўм маблағни ҳам кеч ажратишган. Шаҳар ҳокими билан бирга ёздан бери бу бўйича эътироз билдирамиз, яқинда ҳам жойига бориб, шикоят қилганимиздан кейин тузатишга ўтишди.
Бу бўйича бош вазиргача чиқилди, 2 январь куни иккала ИЭС ҳам ташқи бошқарувдан олиниб, Энергетика вазирлигига берилди. Янги раҳбар ҳам тайинланди. Ўзимизга тўлиқ ўтганидан кейин пул ажратиладиган бўлди, ҳозир носозликларни тузатиш учун ишчи гуруҳ жалб этилган», — дейди Улуғбек Хабилжонов.
Маълумотларга кўра, ҳозирда «Ангрен ИЭС» АЖда 3 та қозон бор, шундан биттасигина ишлаяпти.
«Бу ерда айб ‘теплосет’да ҳам эмас, ҳамма айб ‘ГРЭС’да. Уларга: ‘нега носозликлар тузатилмаяпти?ʼ дейилса, ‘теплосет’нинг 188 миллиард сўм қарзи бор, дейди, ‘теплосет’га гапирилса, ‘аҳолининг 20 миллиард сўм қарзи бор, тўламаяпти’, дейди. Хуллас, бош вазирга мурожаат қилинганидан кейин 4 кунда носозликлар тузатилди, ҳозир уйларга узатилаётган иссиқлик ҳарорати 60 даражага чиққан, илиқ бўлиб турибди. Агар қолган 2 та қозон ҳам ишга тушса, ҳарорат 70-80 даражагача кўтарилади», – дея қўшимча қилган прокурор.
Маълумот учун, аввалроқ йирик иссиқлик станцияларидан иккитаси – «Янги Ангрен» ИЭС ва «Ангрен» ИЭС Central Asia Energy МЧЖга ишончли бошқарувга топшириб юборилганди. Бу компанияга Қозоғистонда рўйхатдан ўтган «Горние работи» эгалик қилади. Давлат активларини бошқариш агентлиги маълумотларига кўра, 2021 йилни «Ангрен» ИЭС 87,6 миллиарад сўм, «Ангрен иссиқлик энергияси корхонаси» ДУК 68,3 миллиарад сўм молиявий зарар билан якунлаган.
Эслатиб ўтамиз, ноябрь ўрталарида Тошкент вилоятидаги Ангрен иссиқлик электр станциясининг энергоблокида носозлик юзага келганди. Ўшанда Ангрен ИЭСнинг 10-сонли энергоблок қозонидаги қувурлар ёрилиши натижасида мазкур энергоблок режадан ташқари тўхтатилган.