ССВнинг янги раҳбари Quramax’нинг барча дорилари савдосини тўхтатиш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги дорихоналарга Quramax дистрибьютор-компанияси томонидан 2022 йилдан олиб кириладиган барча дори воситаларининг мамлакатга сотилишини тўхтатишни буюрди.

«Дори воситалари сифатини назорат қилиш ва стандартлаштириш лабораторияси томонидан ‘Док-1 Максʼ ҳамда ‘Амбронолʼ дори воситаларининг чуқурлаштирилган сифат назорати ўтказиш натижаларига кўра, норматив ҳужжатда кўрсатилган таркибга номувофиқлик аниқланган. Мазкур дори воситаларининг айрим серияларида пропиленгликоль моддаси ўрнига ёки у билан бирга этиленгликоль ва диэтиленгликоль моддалари мавжудлиги аниқланди», дейилади соғлиқни сақлаш вазирининг кўрсатма хатида.

Фото: Gazeta.uz

Бундан ташқари, 29 декабрь куни Тошкент шаҳар судига ушбу дори воситаларини рўйхатга олиш гувоҳномаларини бекор қилиш тўғрисида даъво аризаси киритилган. Дори воситалари ва тиббий буюмлар давлат реестрига кўра, «Док-1 Макс» сиропи 2017 йил 2 февралда, сўнгра 2022 йил 29 мартда, таблеткаси эса 2017 йил 5 декабрда рўйхатга олинган. «Амбронол» — 2007 йил 11 декабрь ва 2018 йил 15 январда.

Бу дори воситалари савдосини тўхтатиб туриш ҳақидаги биринчи эълон эмас. 22 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Док-1 Макс» сотуви тўхтатилганини маълум қилган эди.

«Док-1 Макс»дан вафот этган болалар

Декабрь охирларига келиб ижтимоий тармоқларда «Док-1 Макс» таблетка ва сироп дори воситалари сабаб Самарқандда 15 нафар бола вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Маълумотларга кўра, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябрь-декабрь ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб, уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6 ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3 ёшгача бўлган болалар. Кейинроқ Деҳқонобод туманида ҳам 1 ёшли бола «Док-1 Макс» сиропидан вафот этди.

Сирдарё вилояти ССБ бошлиғи ўринбосари Олтиной Эсонованинг сўзларига кўра, «Док-1 Макс» ва «Амбронол» дорилари етти нафар болага ножўя таъсир қилган. Уларнинг тўрт нафари соғайган, уч нафари шифохонанинг жонлантириш бўлимида даволанмоқда.

Гулистон шаҳар тиббиёт бошқармаси бош шифокори Юсуф Мирхонов эса 3 январь куни ўтказилган брифингда икки нафар бемор бола Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Сирдарё филиалида шифокорлар назорати остида даволанаётганини маълум қилганди.

27 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги олиб борилган дастлабки лаборатор ўрганишлар «Док-1 Макс» сиропининг ушбу серияси таркибида этиленгликоль мавжудлиги маълум бўлганини эълон қилди. Ушбу модда заҳарли бўлиб, тахминан, 1-2 мл/кг 95 фоиз концентрланган эритмаси бемор саломатлигида жиддий ўзгаришларни, яъни қусиш, хушдан кетиш, тутқаноқ, юрак-қон томир тизимидаги муаммолар ва ўткир буйрак етишмовчилигини келтириб чиқаради.

Вазирлик ишчи гуруҳи ўрганиш давомида аниқланган барча қонунбузилиш ҳолатлари эътиборга олиниб, хизмат вазифасига лоқайд ва беэътибор муносабатда бўлгани, болалар ўлими таҳлилини ўз вақтида юритмагани ва керакли чораларни кўрмагани учун 7 нафар масъул ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилган ва қатор мутахассисларга интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Шу куни собиқ соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев «Док-1 Макс»дан вафот этган болаларнинг ота-оналарига ҳамдардлик билдирди ҳамда ДХХ «Док-1 Макс» дори воситаси билан боғлиқ ҳолат юзасидан жиноят иши очгани маълум қилинди.

29 декабрь куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги собиқ директори Сардор Қориев ушбу дори воситаларини сотувчи улгуржи ташкилотларга Marion Biotech компанияси томонидан ишлаб чиқарилган «Амбронол» йўтал сиропи савдосини тўхтатиб, дорихоналардан қайтариб олишни буюрди.

Аниқланишича, Ўзбекистонда болалар ўлимига сабаб бўлган дори таркибидаги заҳарли модда меъёридан 300 баробар ошиб кетган. Ҳиндистон Савдо ва саноат вазирлигининг Фармацевтика экспортини қўллаб-қувватлаш бўйича кенгаши «Док-1 Макс» сиропини ишлаб чиқарувчи Marion Biotech компаниясига берилган рухсатномани тўхтатган.

«Биз Marion Biotech компаниясидан ушбу маҳсулотни етказиб берган лицсензиатлар, импорт қилувчиларнинг исмлари ва маълумотлари, алоқа маълумотлари, уларнинг лицензиялари нусхалари ва ушбу маҳсулотлардан фойдаланиш рухсатномалари ҳақида маълумот сўрадик. Шунингдек, биз кенгашга тегишли текширишлар ўтказишга ва чоралар кўриш учун шубҳали жиддий нохуш ҳодисаларнинг натижалари тўғрисида хабар беришни тавсия қилдик. Фирмадан 29 декабрдаги иш куни якунлангунга қадар маълумот бериш сўралган. Шунга қарамай, бошқарув кенгаши нохуш ҳодисалар ҳақида ҳеч қандай материал/ҳисобот олмади», — деган Pharmexcil бош директори.

30 декабрь куни агентлик матбуот котиби Қизлархон Бегматова Ўзбекистонда 30 декабрдан бошлаб Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясига барча дори-дармонларни сотиш тўхтатилганини билдирди. Улар орасида «Цинепар», «Травамах», «Амбронол» ва бошқалар бор. Ихтисослашган сайтларда ушбу дориларни сотишни тақиқлаш тўғрисида эслатмалар пайдо бўлган.

Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
Янгиликлар17:30 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг UCG компанияси S&P Global Ratings рейтингини қўлга киритди
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Янгиликлар14:04 | 31.1.23
“Ўзбекнефтгаз”: «Урганч нефть базаси» МЧЖ ва «Фарғона нефть базаси» МЧЖга тегишли бўлган 10 та кўчмас мулк «E-Auksion» электрон савдо майдончаси орқали оммавий савдоларга чиқарилди
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Янгиликлар12:21 | 31.1.23
Байден АҚШ Украинага F-16 қирувчиларини етказиб бермаслигини маълум қилди
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
Янгиликлар11:48 | 31.1.23
Ўзбекистоннинг учта вилоятида кучли ёғингарчилик кузатилади
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Янгиликлар11:36 | 31.1.23
«Нукус воқеалари»да айбланган Каллихонова, Турданов, Сметуллаев ва Нуратдинов суд залидан озод этилди
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди
Янгиликлар11:20 | 31.1.23
Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилди