Тошкент вилоятида газ «заправка» ноқонуний фаолият юритгани бўйича масъулларга жиноят иши қўзғатилди
Энергетика вазири бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ўтказилган назорат тадбирида Тошкент вилоятида жойлашган АГТКШ табиий газ ва электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келаётгани аниқланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 3 январь куни соат 21:00 ларда Янгийўл туманида жойлашган «Ҳамкор газ сервис» МЧЖга қарашли автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) белгиланган ўчириш графигига риоя этмаган ҳолда фаолият кўрсатган.
Мазкур шохобчанинг газ ҳисоблаш ускунаси кўздан кечирилганда, ускунага ташқи таъсир кўрсатилгани, яъни шохобча фаолият кўрсатаётган бўлса-да, ускуна ишламаётгани (кўрсаткичлари «0» ҳолатда экани) аниқланди ҳамда табиий газ етказиб бериш тўхтатилиб, газ ҳисоблагич экспертизадан ўтказиш учун ечиб олинган.

Шунингдек, шохобчанинг электр таъминоти ҳолати ўрганилган. Хусусан, электр ҳисоблагич маълумотларини маълумотлар базаси билан солиштирилганда ноябрь ойидан буён алоқа мавжуд эмаслиги аниқланган ва ҳисоблагич экспертизага юборилган. Шу билан бирга, ушбу АГТКШнинг газ ҳисоблагичи белгиланган тартибга зид равишда ўрнатилгани аниқланган.
Мазкур ҳолат бўйича вилоят прокуратураси томонидан АГТКШга ва «Ўзтрансгаз» АЖ ҳудудий бошқармаси масъулларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳрнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда — коммунал хизматлар мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.
Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.
3 январь куни Навоий, Жиззах ва Андижон вилоятларининг айрим ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилган. Бунга кучли шамол оқибатида электр тармоқларида носозликлар юзага келгани сабаб қилиб кўрсатилганди.