ЖССТ коронавируснинг янги тўлқини тарқалишидан огоҳлантирди
Бутун дунёда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари яна ортмоқда, ҳар ҳафтада унинг оқибатида 10 минг киши вафот этяпти. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус маълум қилди.

«Бу фақатгина бизга маълум маълумотлар, холос. Ҳақиқий рақамлар бундан анча кўп бўлиши мумкин. Биз COVID-19 борасидаги ҳозирги эпидемиологик вазиятда қаттиқ хавотирдамиз. Бир вақтнинг ўзида дунёнинг турли нуқталарида инфекциянинг кўпайиб, унинг бошқа вариантлари тез тарқалмоқда», — дейди Гебрейесус.
2021 йилнинг асосий қисми давомида касалланиш даражаси паст бўлган, бунга вакцинация кампанияси кенг кўламда амалга оширилгани сабаб эришилган. Аммо дунёда профилактика, диагностика ва коронавирус инфекциясини даволаш борасидаги нотенглик сақланиб қолмоқда.
Экспертлар ҳозирда коронавируснинг омикрон штаммини бир нечта янги турларини кузатмоқда. ЖССТ мутахассиси Мария ван Керкховенинг сўзларига кўра, асосий мезон — маълум бир штаммнинг қанчалик юқумли экани, шунингдек, у касаллик ёки эмлаш билан таъминланган иммунитет ҳимоясини четлаб қобилиятини аниқлаш.
«Вирус қанча кўп тарқалса, мутация хавфи шунча юқори бўлади», — дея таъкидлайди Керкхове.
АҚШ ва Европада омикроннинг HBB.1.5 варианти билан касалланиш ҳолатлари ортган. Октябрь ойида аниқланган мазкур вариант айни вақтга қадар дунёнинг 30 га яқин давлатида қайд этилган ва энг тез тарқалаётган вирус ҳисобланади.
Тедрос Гебрейесус Хитойни шифохоналарга ётқизилаётганлар ва ўлим ҳолатларига оид ишончли маълумотларни тезкорлик билан мунтазам тақдим этишга, шунингдек, реал вақт режимида геном секвенирлаш жараёнини тўлиқроқ шаклда ўтказишга чақирган.
«ЖССТ Хитой аҳолисининг хавфидан ташвишда ва вакцинация, жумладан, бустер дозалар билан эмланиш муҳимлигини эслатади. Вакцинация шифохонага мурожаат қилишда, касаллик оғир кечиши ва ўлимдан ҳимоя қилади», — дея қўшимча қилади у.
ЖССТ раҳбари 2023 йилда пандемия устидан ғалаба қозонилишига умид билдирган. «COVID-19 афтидан, асосий муҳокама мавзуси бўлиб қолади, аммо тўғри саъй-ҳаракатлар билан бу йил соғлиқни сақлаш соҳасидаги фавқулодда вазият расман якунланишига ишонаман ва умид қиламан», — дейди Гебрейесус.
Мавзуга доир: Хитойда коронавирус оқибатида ўлим ҳолатлари ортиб кетди
Эслатиб ўтамиз, ноябрь охирларида Хитойнинг йирик шаҳарларида мамлакат ҳукумати томонидан олиб борилаётган коронавирус сиёсатига қарши намойишлар бошланганди. Бунинг натижасида Хитой коронавирус чекловларини енгиллаштирди — мамлакатда умуммиллий ПЗР-тест бекор қилинган ва бир вилоятдан бошқасига тестдан ўтмасдан ҳаракатланишга рухсат берилди.
Шундай кейин мамлакатда COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари ортиб кетди. Чжэцзян провинциясида бир суткада 1 миллион кишида коронавирус тасдиқланганди. Хитойнинг соғлиқни сақлаш бўйича давлат комиссияси 14 декабрдан бошлаб коронавируснинг белгисиз шакли билан касалланганлар сонини кунлик ҳисоботларда кўрсатмаслиги маълум қилди.