КХДР дрони Жанубий Корея президенти офиси зонасига кириб борди — ОАВ
КХДР томонидан декабрь охирларида учирилган бешта дрондан бири Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёлнинг Сеулда жойлашган офиси атрофидаги парвозсиз зонага кириб борган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

Агентликнинг ҳарбий манбасига кўра, 3,7 километр радиусдаги парвозсиз зонага кириб борган учувчисиз учиш аппарати КХДР ҳарбийлари томонидан икки Кореяни ажратиб турувчи демаркация чизиғи орқали учирилган бешта дрондан бири ҳисобланади. Улардан бири Сеулга қадар учиб борган, аммо у «муҳим хавфсизлик объектлари»га яқинлаша олмаган.
Мазкур воқеа Жанубий Корея ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилияти борасида жиддий саволларни юзага келтирган. Мамлакат ҳарбий идораси вакилининг таъкидлашича, ҳаво макони хавфсизлигининг бундай жиддий бузилиши олдин содир бўлмаган. Дронларнинг бостириб кириши Жанубий Кореянинг уларни аниқлаш, кузатиш ёки уриб туширишга тайёр эмаслигини кўрсатиб қўйган.
Кўнгилсиз ҳодиса 26 декабрь куни содир бўлган. Жанубий Корея ҳарбийлари ҳавога қирувчи самолётлар ва вертолётларни, жумладан «КА-1» штурмовигини кўтарган, аммо у мамлакат шимоли-шарқида ҳалокатга учраганди. Учувчисиз учиш қурилмалари яширинишга муваффақ бўлган.
Расмий баёнотга кўра, штурмовик «Шимолнинг дронлари билан тактик алоқа ўрнатишга тайёрланаётган вақтда» қулаган. Иккала учувчи ҳам каталпултадан фойдаланиб, парашютда ерга қўнган.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Корея ҳарбийлари 24 октябрь куни Сариқ денгизда Шимолий Корея кемаси икки давлат ўртасидаги денгиз чегарасини кесиб ўтганидан сўнг огоҳлантирувчи ўқ узганди. Жанубий Корея кемаси КХДР билан денгиз ҳарбий-демаркация чизиғининг 2,5—5 километрини кесиб ўтган ва «номаълум кемани назорат қилиш баҳонасида» огоҳлантирувчи ўқ узган. Бунга жавобан КХДР ҳарбийлари соат 05:15 да реактив залп ўт очиш тизимларидан 10 та огоҳлантирувчи ўқ отган.